Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Prorun.uz югуриш мактаби асосчиси Андрей Куликов ташаббуси билан Орол денгизида давом этаётган экологик ҳалокатга эътибор қаратиш мақсадида спорт тадбири ўтказилди.

Тадбир доирасида америкалик машҳур ультрамарафончи Дин Карнасис Андрей Куликов билан биргаликда Оролдан 60 километр узоқликда жойлашган денгиз ва бу минтақадаги сув ресурсларидан оммавий фойдаланиш натижасида қуриб қолган “Борса-Келмас” тракти ҳудудида 42 километр 195 метр масофага югурди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, марафондан кўзланган мақсад жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини Орол денгизи экологик фожиасига қаратиш, шунингдек, жорий йил 19–23 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йилги сессиясида долзарб глобал экологик муаммоларга бағишланган муҳокамаларни қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришдан иборат.

4 соат, 51 дақиқа, 18 сония давом этган марафон натижаларига кўра, Дин Карнасиснинг қадамлари йиғиндиси 43 минг 420, Андрей Куликовники 44 минг 860 бўлиб, жами 88 минг 280 қадамни ташкил этди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган 2022 йилда Андрей Куликов Орол денгизи туби бўйлаб 42 км 195 м масофани 4 соат 9 дақиқада босиб ўтган. Орол денгизида ўтказилган марафон минтақадаги экологик вазиятга катта эътибор қаратди. Бу йил спорт тадбирига дунёга машҳур америкалик ультрамарафончи Дин Карнасис қўшилди. У марафон оламидаги ажойиб ютуқлари, жумладан, 2005 йилда уйқусиз 80 соат 44 дақиқада 350 мил (560 км) масофани босиб ўтгани билан машҳур. Унинг иштироки тадбирнинг глобал аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб беради.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА