Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 июлдаги “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

Марказ олдига фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга ошириш, соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган ўқув режаси ва дастурларини белгиланган тартибда ҳамда ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқиш сингари бир қатор вазифалар қўйилган. Марказ, шунингдек, инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этади. Шартнома асосида тегишли йўналишлар бўйича хорижий олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчиларини жалб қилади.

Айни пайтда соҳа мутахассисларининг малака оширишлари учун жаҳоннинг етакчи давлатлари тажрибаларини ўрганган ҳолда санитария-гигиена, эпидемиология, микробиология йўналишлари бўйича 16 турдаги малака ошириш дастурлари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

– Янги ўқув йилидан таълим жараёнлари қўмитанинг энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораторияларида олиб борилмоқда, – деди Санитария эпидемиологик-осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова АОКАда ўтказилган брифингда. – Шу билан бирга, таълим жараёнида фойдаланиш учун видео қўлланмалар яратилмоқда. Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида давлат буюртмаси, шунингдек, илмий грант лойиҳалари тайёрланмоқда.

Таъкидланишича, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш борасида август ойида Нидерландиянинг “Inspeсtor Research System BV“ компанияси, сентябрь ойида АҚШнинг Темпл университети, Кореянинг «All in One Bio» компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум доирасида марказ тингловчилари, профессор-ўқитувчиларининг мазкур ташкилотлар томонидан малакасини ошириш, турли хил илмий грант лойиҳалари ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.

Шунингдек, Малайзия, Германия, Россия каби давлатлардаги олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда.

Марказда бир йилда 1000 га яқин курсантларнинг малака ошириши режа қилинган. Келгусида университетнинг физика, кимё ва биология факультетини битирган мутахассисларни ҳам қайта тайёрлаш режалаштирилган.

Моҳигул Қосимова, ЎзА