Навбаҳор Имамова: Тошкентда журналистлар озод этилгани мисли кўрилмаган воқеа

ВАШИНГТОН — АҚШ ва Европа Иттифоқидаги халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистонда конституциявий тузумга қарши жиноятларда айбланган икки журналист ва икки тадбиркор суд залидан озод этилганини тарихий воқеа, дея баҳоламоқда. Суд жараёнининг бошиданоқ очиқ кечгани, айбланувчилар диққат билан тинглангани, буларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам ёритгани, масала ижтимоий тармоқларда ҳамда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилингани ўтган бир ярим йил мобайнида Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси сифатида қабул қилиняпти.
Бобомурод Абдуллаев ва унинг жиноий шериклари дея гумон қилинган уч шахс — блогер Ҳаётхон Насреддинов, тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоёров Ўзбекистон ҳукуматини ағдаришга уриниш ва бунинг учун яширин амалиёт устида ишлаганликда айбланган эди. Судга кўра, айбловлар исботланмаган.
Ўзбекистонда деярли чорак аср мобайнида конституциявий тузумга қарши ҳаракатда айбланган инсонлар аксарият ҳолларда оғир жазоларга маҳкум этилгани, маҳкама ёпиқ кечиб, жараён билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолгани, айблов асоссиз экани ҳақидаги иддаолар тингланмагани, апелляция тартибида кўриб чиқилганида ҳам ҳукм ўзгармаганини ҳисобга олсак, Абдуллаев ва унинг шериклари иши озодлик билан якун топгани мисли кўрилмаган ва кутилмаган янгиликдир.
Мана шундай таҳлилни Ню-Ёркдаги «Ҳуман Ригҳтс Wатч» (ҲРW) ва Лондондаги Халқаро Амнистия ташкилотларидан эшитар эканмиз, улар судланувчилар ўтган йилнинг кузидан бери ҳибсда ўтиргани, қийноққа солинганини айтгани ва уларнинг яқинлари ҳам бу давр мобайнида қўрқув ва босим ичида яшаганини қайд этади.
АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар бирин-кетин озод этилганини кенг олқишлаб, «ислоҳотлар кўламини эркинлик даражасига қараб биламиз», дея эслатиб келмоқда. Бугунги янгилик ҳам Вашингтонда жуда илиқ кутиб олинган.
Тошкентда ҳамманинг эътиборида турган жиноий иш ижобий якун топгани Шавкат Мирзиёевни Ғарб назарида реал ислоҳотлар қилаётган ва мамлакатини янги йўлдан олиб бораётган раҳбар сифатида кўрсатади.
Ўзбекистон яқинда АҚШнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги йиллик ҳисоботида тарихда илк бор ижобий ўзгаришлар юз бераётган давлат сифатида тилга олинди. Лекин Давлат департаменти расмийлари фикрига кўра, ҳуқуқ ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп.
АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон «Америка Овози» мухбири билан суҳбатда, Вашингтоннинг Марказий Осиёдаги асосий мақсадларидан бири демократия ва ҳуқуқ тарғиботи бўлиб қолади, дея таъкидлади.
ҲРWнинг Ўзбекистон бўйича вакили Стив Свердлов яқинда биз билан мулоқотда ушбу суд иши ҳақида мулоҳазаларини қуйидагича билдирган эди:
«Бу суд иши, менимча, бутун Ўзбекистон жамияти учун муҳим бир синов. Маҳаллий интернет нашрлари нозик масалалар муҳокама қилинаётган бу жараённи кузатиб, уни ёритаётгани таҳсинга сазовор. Айбланувчиларнинг гапларини бемалол эшитаяпмиз. Йиллар олдин биз бундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, деб хаёлга келтирмаган эдик. Очиқ суд, очиқ муҳокама. Қийноқлар ҳақида ҳам очиқ гаплар янгради».
Свердловнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ва ҲРW ўртасидаги мулоқот кенгайган ва чуқурлашган.
«Танқидимизни эшитишаяпти. Фикр алмашаяпмиз. Бир-биримизни тинглаяпмиз. Очиқ тадбирлар ўтказиш, уларда танқидий материаллари билан танилган фаоллар ва журналистлар қатнашиши учун шароит зарурлиги ҳақида гаплашмоқдамиз. Ҳуқуқбузарлик, қонунбузарлик ҳоллари ҳақида эркин мулоқот қилиш учун замин яратилиши кутилмоқда. Ислоҳот ўтмишни таҳлил қилиб, хатолардан ўрганиш демакдир. Шу боис ҳам ҳозирги мулоқотимиз умид бағишлайди», дейди ҲРW вакили.
Б.Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси, 1-қисми, «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилган. Унга бир йил давомида иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш, уч йил давомида ахлоқни тузатиш ишларини бажариш жазоси тайинланган. Абдуллаевнинг ўтган етти ойдан бери ҳибсда ўтиргани ҳисобга олинади.
Швециядаги Фуқаро эркинликлари ҳимоячилари ташкилоти, Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Белгиядаги Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳам Б.Абдуллаев ва унинг шериклари озод этилганини олқишлаб, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадаллашаверади, дея умид билдирмоқда.
Навбаҳор Имамова,
«Америка Овози» телерадиоси
Манба: хs.uz

 

ЎзА