Германия мудофаа учун харажатини кўпайтириб, совуқ уруш давридаги даражага етказмоғи лозим. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг “Funke” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
– Кескинлик ошиб бораётган бир пайтда мудофаа харажатини ошириш зарур, – деди у. – Совуқ уруш даврида Германияни бошқарган Конрад Аденауэр (1949-1963 йиллардаги канцлер) ёки Вилли Брандт (1969-1974 йиллар) даврида 3-4 фоиз маблағ мудофаага сарфланган. Ўша амални ҳозир ҳам қўллаш керак.
Суҳбат чоғида Столтенберг “Украина муайян вақт ўтиб, бир куни НАТОга аъзо бўлиши муқаррар”, дея қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Украинадаги жанговар ҳаракат қачон тугашини “ҳеч ким” билмайди.
– Аксарият зиддиятлар бошланишидан аввал қилинган тахминга нисбатан чўзилади, – деган НАТО раҳбари. – Шунинг учун Украинадаги можаро узоқ давом этишига тайёр туришимиз лозим.