Халқимиз уруш йилларида охирги бурда нонини ҳам эвакуация қилинганлар билан баҳам кўрган

Байрам тантанаси ўтказилаётган Ботаника боғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1941 – 1945 йилларда мамлакатимиз собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан госпиталга айлангани, бу ерда минглаб жангчилар даволаниб, фронтга қайтганини таъкидлади.

– Ўша суронли йиллар ҳақида гапирганда, халқимизнинг олижаноб гуманистик фазилатлари тўғрисида ҳар қанча фахрланиб, ғурурланиб сўз юритсак, арзийди, албатта, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон уруш туфайли уй-жойи, ота-онаси ва қариндошларидан ажралган, фронт ҳудудларидан кўчириб келтирилган қарийб 1 миллион кишини ўз яқинларидек кутиб олди. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. Ва ана шундай буюк инсонпарварлик юксак маънавий жасорат намунаси сифатида бутун дунёда эътироф этилди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Хотира ва Қадрлаш куни нишонланаётган шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимиздаги Халқлар дўстлиги майдонига тошкентлик темирчи Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ҳайкал қайта ўрнатилди.

 

ЎзА