Қорақалпоғистон ҳақида сўз кетганда энг аввало кўз олдимизда Орол денгизининг фожиали қисмати гавдаланади.

Табиат билан муросасиз кечган муносабатнинг якуни инсониятни шошириб қўйди. Хайрлашишга улгурмай қолган одамлар денгизни бир кечада йўқотди. Орол ҳақида ёши катталар тўлқинланиб, соғиниб эслашади. Ёшлар эса сўзлар, тасвирий санъат асарлари орқалигина виқорланиб тўлиб-тошган денгиз ҳақида тасаввурга эга бўлади.

Савицкий ҳам Қорақалпоғистонга келиб, бу ерларни севиб қолади…

Саҳро. Кенглик. Шўралаган ер. Мард, танти одамлар. Ҳали европалашмаган одамлар. Миллийлик. Санъат. Маданият. Кундалик ҳаёт. Рассомнинг кўнглидагини туймоқ мумкин. Қачонки, Сиз бу ерларга келиб, балиғидан еб, зоғора нонни тайёрлаётган онахоннинг кўзи атрофидаги ажинни кўрсангиз. Қачонки, содда қалбнинг бағрида ўзингизни кўрсангиз, меҳрла суҳбатлашсангиз… Қачонки, жировнинг маҳзун куйини тинглаб, елкангиз ўз ўзидан чайқала бошласа…

Орол ҳақида бир опа билан сўзлашиб қолдим. У ҳам мен каби мусофирлардан. Хўўў Бухоронинг этагидан. Ёшлигининг энг гуллаган дамлари қорақалпоқ ерларида ўтди. Ҳарбийга турмушга чиқиб, эрининг хизмати ортидан шу ерларга келиб қолди. Ўқиди. Илм қилди. Эколог деган номга эга дипломни у шу ерда олди. Опа менга Устюрт ҳақида сўзлади, Судочье кўлига хаёлан саёҳат қилдирди, жайрону, қулонларнинг ҳаётини инсонлар ҳаётига қиёс этди. Бадайтўқайнинг фожиали қисмати… Ҳа, айнан фожиали қисматига ўкиниш билдирди. У эколог… Табиатни асрашга даъвати қалбимдаги нозик туйғуларни уйғотгандек бўлганди. Бадайтўқайга бормадим ҳали. Лекин уни асраб-авайламоқ керак, деган хулосага келдим.

Қирғовулни севдим. Сабабини биласизми, нега…Чирчиққа қоп-қоп жийдалар келарди. “Қорақалпоқники, ол болам”, деб сотарди кампир холалар. Оролдан келибди, деб мен ҳам табаррук билиб, жийдани севиб ердим. Қирғовул ҳам жийдасевар қуш экан. Ўшанда Оллоҳдан бир нишон бўлган менга. Кун келиб қирғовуллар юрти бўлган қорақалпоққа келишим ўшанда аён экан.

Оҳ, Орол… Орол… Орол… Инсоннинг аччиқ қисмати баъзан кўзда ёш қалқитади. Оролнинг фожиавий “ўлими”га титрадим. На ирмоқ уни тўлдира олди, на бир кўл. Амударёнинг ўзи ҳам бора бора камайиб бораётган бир паллада катта Оролни тўлдириш… Оҳ, қандай қилиб?! Оллоҳнинг мўжизасини кутмоқдан бошқа чора йўқ. Дуо фақат дуо… Гуноҳлардан йироқ бўлмоқ керак. Дуо, ибодатгина мўжизага элтиши аниқ. Қўллар дуога очилсагина, Орол тўлиши муқаррар.

“Оролга бормоқ истаган сувлар етиб боролмаслиги қумлар оч… Нам тортган тупроқ бўлса эди, бошқа гап”, опа куйиб гапирди. Ўзи Орол эди, чорасизликдан кўнгли бузилган Орол. Тошди. Тошқин сўзлардан мен шошиб қолдим. Дафтаримни изладим. Тезроқ кўнгил ўйларини қоғозга битмоқ истадим. Мен бир қаламкаш… Оролга на бир фойдам тегса… Оллоҳдан дуо сўрамоқдан бўлак ҳеч қандай ёрдамим тегмас.

Опага ҳали яна саволларим бор. У билади. Оролни қайтармоқ керак.

У билади…

Оролнинг қачон қайтишин биладигандай-да…

Савол назари билан унга қарайман. Кўзини олиб қочишига ишонмадим. Орол “ўлмаган”.

Оролимни қайтар, табиат…

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,  

ЎзА