Ливан пойтахти Байрут шаҳрида таэквондо WТ бўйича кадетлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг иккинчи кун баҳслари якунланди.
Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ферузбек Баратов -172 см йўналишида дастлаб қирғизистонлик Владимир Лини, чорак финалда эса Хитой Тайпейи вакили Ченг Ҳан Жангни 2:0 ҳисобида мағлуб этди.
Ярим финалда эса Ферузбек кореялик Ким Си Ҳони доғда қолдирди. Ҳал қилувчи баҳсда эса вакилимизга қозоғистонлик Павел Эм рақиблик қилди. Қувонарлиси, Баратов ушбу баҳсда ҳам ишончли ҳаракат қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва Осиё чемпионига айланди.
Рушана Равшанова (-168 см) ҳам делегациямиз ҳисобига яна бир олтин медални келтирди. У ҳал қилувчи финал баҳсида Эрон вакили Пинар Лотфизадени 2:0 ҳисобида доғда қолдирди.
Қизлар ўртасида баҳслар (-164 см)да иштирок этган Раббония Русланова эса финалга қадар барча рақибларини енгиб, кумуш медални қўлга киритди.
Айни дамда терма жамоамизнинг ушбу мусобақадаги медаллари сони 4 тани ташкил этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА