Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми доирасида ўтказиладиган танлов ва мусобақалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Заковат интеллектуал клуби” нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон Қувноқлар ва зукколар ассоциацияси нодавлат нотижорат ташкилоти, “Беш ташаббус олимпиадаси” лойиҳаларини ташкил этиш ва ўтказишга масъуллар иштирок этган тадбирда олимпиаданинг иккинчи мавсумида ўтказиладиган мусобақа ва тадбирлар хусусида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, ўтган 2022 йил икки мавсум ва 2023 йил биринчи мавсум доирасида бир қатор муҳим йўналишларни ўзида қамраб олган 20 дан ортиқ танлов ва мусобақаларда 11,4 миллиондан ортиқ ёшлар иштирок этиб,  минг нафардан ортиқ ёшлар танлов ва мусобақаларнинг республика босқичи ғолиби бўлди.

Анъанавий тарзда ташкил этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2023 йил иккинчи мавсумида иштирок этиш учун бугунги кун ҳолатига жами 5 миллион 555 минг 239 нафар ўғил-қиз 5tashbbus.uz сайтидан рўйхатдан ўтди.

Шундан маҳалла ёшлари ўртасида бўлиб ўтадиган лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирган ёшлар 4 миллион 377 минг 245 нафар, мактаб ўқувчилари ўртасидаги лойиҳаларга қизиқиш билдириб электрон рўйхатдан ўтган ўқувчи-ёшлар сони 1 миллион 117 минг 994 нафарни ташкил этмоқда.

Олимпиаданинг ушбу мавсумини жорий йил сентябрь-декабрь ойларида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ёшлар бевосита мазкур олимпиада доирасида санъат-маданият, спорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйин ва танловларда иштирок этишлари мумкин.

“Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида маҳалла ёшлари учун санъат-маданиятни тарғиб қилишга қаратилган “Миллий ва замонавий чолғу ижрочилиги” республика танлови, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштиришга қаратилган волейбол, кураш, гимнастрада бўйича республика спорт мусобақалари, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш учун “Ёш китобхон” танлови, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари учун ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спортнинг мини футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, қувноқ стартлар бўйича мусобақалар ўказиш, ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкил этиш ҳамда ёшларда саҳна маданиятини шакллантириш ва истеъдодини юзага чиқариш учун “Қувноқлар ва зукколар” танловини ўтказиш белгиланган.

 

Гулноза Бобоева,  

Даврон Эрназаров,(сурат)  

ЎзА