Юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга қатор имконият ва енгилликлар яратиб бериш, ушбу фаолиятни юритишда мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, давлат аралашувларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу йил 18 август куни тадбиркорлар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам давлатимиз раҳбари тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилишини, шунингдек, уларнинг тўғридан-тўғри судга шикоят қилишидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланишини таъкидлаган эди.

Ушбу тартибларни ўз ичига олган “Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш тизими соддалаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Бу бўйича парламент қуйи палатаси депутати Ботир Мардаев қуйидагиларни қайд этди:

— Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига кенг имконият ва қулайликлар яратиш муҳим масалалардан бирига айланган. Шу боис соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга. Тадбиркорлик субъектларига қатор енгилликларни яратиш мақсадида Солиқ кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги ҳамда “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, солиқ тўловчиларга солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилган қарорлари устидан тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқини бериш назарда тутилмоқда.

Амалдаги Солиқ кодексидаги нормага кўра, сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича тадбиркорлик субъекти дастлаб Солиқ қўмитасига ёки унинг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиши, ундан кейин судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган.

Эндиликда киритилаётган ўзгартишларга кўра, тадбиркорлик субъектлари сайёр солиқ текширувлари ва солиқ аудити натижалари бўйича тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу эса тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди. Қолаверса, уларга ортиқча харажат ва мажбурият юклайдиган айрим бюрократик тартиб-таомилларнинг бекор қилинишига хизмат қилади.

 

М.Комилова,  

ЎзА