Шу мақсадда “Давлат божи тўғрисида” ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Бу давлатимиз раҳбари 2023 йил 6 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга оширилди.

Қонун билан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалаларига доир ваколатлари мустаҳкамланди.

Бундан ташқари, майнинг-пул, крипто-депозитарий, крипто-дўкон фаолиятларини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш талаб этилади.

Майнингни рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик ёки қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари миқдорида жарима қўлланилади.

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олаётган юридик шахслар учун давлат божи жорий этилди. Унинг миқдори ва тўлов тартибини белгилаш ваколати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига берилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА