Музейлар халқимизнинг бой ўтмишини бугунги замон билан боғловчи кўприкдир. Музейларга ташриф буюрган каттаю кичик ўтмишда яшаб ўтган тарихий шахслар, халқимиз томонидан яратилган бетакрор маданий-маънавий мерос ҳақида кенг тасаввурга эга бўлади.

Бугунги кунда республикамиз бўйлаб музейлар сони 350 тани ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Адлия органлари тарихи музейи ташкил этилиб, уларнинг сони яна биттага кўпайди.

Мазкур музейда Адлия вазирлигининг шаклланиш, ривожланиш эволюцияси ўз аксини топган. Музей 6 бўлимдан иборат. Мазкур экспонатларда Адлия вазирлигининг ривожланиш тарихи ва бугуни архив фотосуратлар асосида акс этган.

Таъкидлаш жоизки, музейда 1917 йилдан бугунги кунга қадар қабул қилинган қонун ҳужжатлари архиви, никоҳ, туғилиш ёки ўлимни қайд этиш билан боғлиқ ҳолатлар, ХХ асрдан то бугунги кунга қадар қандай расмийлаштирилганлиги ҳақидаги архив фотосуратлар асл материалларда акс эттирилган. Музейдан ўрин олган экспонатларнинг барчаси махсус экспертлар гуруҳи томонидан ўрганилиб, тадқиқ этилди.

Музейда Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгандан сўнг илк қабул қилинган “Мустақиллик декларацияси”, Адлия вазирлиги ташкил топиши билан боғлиқ қонун ҳужжатлари, адлия органлари ва муассасалари фаолиятига оид тарихий ҳужжатлар ҳамда материалларни ҳам кўриш мумкин.

Музейда нафақат вазирликнинг тарихи, балки бугунги кундаги иш фаолияти билан ҳам танишиш мумкин. Хусусан, экспонатлардан ўрин олган хорижий ҳамкорлик бўлимида вазирликнинг халқаро миқёсдаги келишувлари, анжуманлар, конференциялардаги муҳим жараёнлар кўзга ташланади.

Адлия органлари тарихи музейининг очилиш маросими 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида адлия органларида фаолият юритган фахрийларга ҳурмат рамзи сифатида ташкил этилди.

Маросим иштирокчилари таъкидлаганидек, мазкур музей келажагини адлия фаолияти билан боғлашга интилаётган, шунингдек, тарихдан сабоқ олиб, келажакка қадам қўйиш истагида бўлган инсонлар, талаба ва ўқувчиларга муҳим жонли манба бўлиб хизмат қилади.

 

Нурилло Насриев, ЎзА