Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Қўриқлаш ва хавфсизлик. Ёнғинга қарши ускуналар ва тизимлар. Саноат хавфсизлиги технологиялари. IT ечимлари ва маълумотлар хавфсизлиги – Securex Uzbekistan-2023” ва “Электроника, электротехника, яшил энергетика ва инновацион технологиялар – UzE-TechExpo-2023” халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.
“Iteca Exhibitions”, “Congresses of Central Asia – CCA”, “ICA Eurasia Group” халқаро кўргазма компаниялари томонидан ташкил этилган ушбу кўргазмада маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.
Хусусан, “Securex Uzbekistan-2023” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон, Беларусь, Финляндия, Германия, Исроил, Қозоғистон, Россия ва Хитой компаниялари томонидан “ақлли уй” технологиялари, саноатни автоматлаштириш, видеокузатув тизимлари, радиацион назорат ускуналари, ҳужжатлар, банкноталар ва қимматли қоғозларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун эксперт маҳсулотлари тақдим этилаёган бўлса, “UzE-TechExpo-2023” халқаро кўргазмаси электротехника ва электроника саноатининг деярли барча соҳаларида янгиликларни намойиш этишда катта майдонга айланмоқда.
Таъкидлаш керакки, ҳар икки кўргазмада соҳалар бўйича доимий қатнашаётган ишлаб чиқарувчилар билан бирга, илк иштирокчиларни ҳам кўриш мумкин. Масалан, пойтахтимиздаги “Dusel elektrikal” компанияси ўн йиллик тажриба эга. Компаниянинг сотув бўлими раҳбари Билолиддин Тожибоевнинг таъкидлашича, ушбу жамоа аввал имкониятларни кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш ва чинакам рақобатбардошликка эришишга асосий эътибор қаратди. Бугун эса маҳаллий бозорда ўз ўрнига эга корхона томонидан энергетиклар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва семинарлар ташкил этишга аҳамият қаратилмоқда.
–Электр ускуналари ва жиҳозларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз 2013 йилда ташкил этилган. Ҳозирги кунга келиб маҳсулотимиз тури 2 мингга яқиндир. Унинг 70 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш бўлса, 30 фоизи Хитойдан импорт қилиниб, мамлакатимиз бўйича етказиб берилади. Айни кунда компаниямиз томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортини йўлга қўйиш учун Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатлари вакиллари билан келишувлар олиб боряпмиз. 500 нафарга яқин ходимни иш билан таъминлаган корхона илк бор мазкур намойишда ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда, – деди Билолиддин Тожибоев.
Хитойнинг “Longi” компанияси эса кўргазманинг доимий иштирокчиларидан бири. Дунё бўйича етакчилар сафида бўлган компания иштирокчилар эътиборига қуёш панелларини ҳавола этаяпти.
–Бугунги кунда компания Марказий Осиё давлатларида 100-200 мегаваттли лойиҳаларни амалга оширган, – деди ушбу компаниянинг маркетинг бўлими менежери Шаҳзода Хўжаев. – Ўзбекистонда эса бизнинг расмий дистрибьюторларимиз фаолият юритади. Айни кунда мамлакатимизда қуёш панелларини ўрнатиш оммалашмоқда. Панеллар қуёш электр станцияларининг “юраги” саналади. Шу боис, компания маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратади. Шу кунларда Тошкентда компаниянинг офисини очишга тараддуд кўраяпмиз. Бундан кўзланган мақсад қуёш панелларини ўрнатиш ва уларнинг сифати бўйича билимга эга бўладиган мутахассислар малакасини оширишга ҳисса қўшишдир.
Эслатиб ўтамиз, ушбу кўргазма 8 сентябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА мухбири