Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-сессияси иш бошлади, деб хабар берди ТАСС агентлиги. Анжуманнинг асосий воқеалари 19-25 сентябрь кунлари олий даражадаги ҳафтада бўлиб ўтади.
Шу кунлари дунё мамлакатлари етакчилари ва ташқи ишлар вазирлари халқаро вазият ва глобал муаммоларга қарши кураш бўйича ўз муносабатларини билдирадилар.
Нуфузли тадбирнинг очилишида мажлис раиси, Тринидад ва Тобаго Республикаси дипломати Дэннис Фрэнсис қасамёд қилиб, мажбуриятини адолатли ва мустақил бажаришга ваъда берди.
“Бош ассамблеянинг 78-сессияси муаммолар занжири таранглашган мураккаб глобал кун тартиби шароитида иш бошлади. Мен сессия муваффақиятли ўтиши учун тўртта – тинчлик, фаровонлик, тараққиёт ва барқарорлик шиорини ўртага ташламоқчиман”, деди у.
Фрэнсиснинг сўзларига кўра, ўткир геосиёсий келишмовчиликлар “оламни хавфли янги ядро ноаниқлиги даврига олиб келди”.
Олий даражадаги ҳафтага қадар Бош ассамблеянинг кун тартибини тасдиқлаш, қўмиталарни шакллантириш сингари ташкилий ишлар олиб борилади.