“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғояси остида жорий йилнинг 15 август – 5 сентябрь кунлари “Фахрий журналистлар эътибор ва эъзозда” акцияси ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан ўтказилган тадбирларда оммавий ахборот воситалари ривожига беминнат ҳисса қўшган, бугунги кунда  ёшларга муносиб устозлик қилиб келаётган 70 нафарга яқин фахрийлар ҳолидан хабар олинди, уларга уюшманинг совға – саломлари топширилди.

– Устоз журналистлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг кўнглини олишга қаратилган бу каби  ишлар нафақат акция доирасида, балки йил давомида амалга оширилади, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов. – Фахрийларнинг бой тажрибаси, ижодий маҳоратидан унумли фойдаланиш ёш кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва соҳа ривожига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, улар орасида ўз касбига содиқ, ҳамон долзарб мавзуларни ёритиб келаётган, журналистика соҳасига доир янги китоблари чоп этилаётган, ёшларга устозлик қилаётган табаррук ёшли фидойи ижодкорлар борки, уларнинг ижтимоий фаоллигига, касбий маҳоратига, ижодий куч-ғайратига ҳавасингиз келади.

Шундай устозлардан бири —  таниқли журналист Абдусамад Исоқовдир. Акция доирасида устозга уюшманинг совғаси топширилди.

83 ёшли фахрий журналистнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташласак, А. Исоқов Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олиб, фаолиятини  Ўзбекистон радиоси “Болалар” таҳририятидан бошлаган. 1965 йилдан 2008 йилга қадар  Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Сўнгги ахборот”, “Саноат”, “Тошкент”, “Сиёсат” таҳририятларида муҳаррир, бўлим бошлиғи, бош муҳаррир, Ўзбекистон радиосининг дастурлар дирекцияси, компаниянинг Маҳаллий телерадиоэшиттиришлар бошқармаси раҳбари, телерадионинг сиёсий шарҳловчиси лавозимларида фаолият олиб борган.

Таниқли журналистнинг  юзлаб очерк ва мақолалари матбуотда эълон қилинган. Телерадиоочерклари, ҳикоялари, интермедиялари эфирга берилган. “Журналистнинг машаққатли ва завқли ҳаёт йўли”, ”Эзгулик истаб” китоблари чоп этилган.

ЎзА