Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Оқдарё туманидаги 32-умумий ўрта таълим мактабида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари, туман, шаҳар бўлимлари мудирлари ҳамда мактаб директорлари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 24 август куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабида бўлиб, бу ерда ўқувчиларга 16 хил касб-ҳунар ўргатиш учун яратилган шароит билан танишган эди. Мактаб 782 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, жорий йилда капитал таъмирланди. 22 синфхона, спорт зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хоналари мавжуд. Мактабнинг бўш турган ер майдонида енгил конструкциялардан қўшимча хоналар қурилиб, тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларга 16 хил    касб-ҳунар ўргатиш курслари йўлга қўйилган.

Шунингдек, инглиз ва француз тили тўгараклари ташкил этилган. Мактабда ўқувчилар 7-синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобиль устаси каби касб-ҳунарга ўргатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 28 август куни мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида барча вилоятлар мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари Оқдарёга бориб, ушбу тажрибани ўрганиши шартлигини таъкидлаган эди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган таълим соҳаси вакиллари мактабдаги шарт-шароитлар ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти билан танишди.

– Мактабда яратилган шароитларни кўриб ҳавас қилдим, – дейди Нукус тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Зоя Арзибаева. – Ҳар бир тўгарак раҳбари билан гаплашдим. Мактаб тўгарак раҳбарларига бепул жой беряпти, улар эса шогирд тайёрлаб, ҳам маҳсулотини бозорга чиқаряпти. Ўқувчиларни касбга ўргатаётганидан мактаб ҳам манфаатдор, тадбиркор ҳам фойда кўряпти. Бизнинг туманимизда 32 та мактаб ва битта Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб бор. Ҳозирча битта мактабда касб-ҳунар ўргатиш тўгараклари ташкил этганмиз. Бошқа мактабларда ҳам юқори синф ўқувчиларини босқичма-босқич касб-ҳунарга ўргатишни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Оқдарё туманидаги ушбу мактабдан кўп нарсаларни ўргандим, минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши экан.

– Президентимиз ташаббуслари билан кейинги йилларда ўқувчиларни олий таълимга қамраб олиш билан бирга уларни касб-ҳунарга йўналтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Навоий шаҳридаги 20-умумий ўрта таълим мактаби директори Илёс Жўраев. – Оқдарё туманидаги мактабда француз тили иккинчи чет тили сифатида ўқувчиларга ўргатилиб келинаётган экан. Президентимиз ҳар бир чет тили дарслигининг ёнида давлат тилида ёзилган ўзбек тилидаги таржимаси бўлсин, дегандилар. Бу мактабда худди шу усул жорий этилибди. Хоналар жиҳозлари ҳам давлат таълим стандартлари асосида, янги замонавий техникалар билан таъминлангани менда катта таассурот қолдирди. Мактабдаги кулолчилик, сандалчилик, меъморчилик, сантехниклик, тикувчилик тўгаракларида ўқувчилар ҳам касб ўрганиб, ҳам пул топаётгани битирувчиларнинг келажакда фаровон яшашини таъминлайди. Бу мактаб тажрибасини ўзимизда албатта йўлга қўямиз. Семинар иштирокчилари Оқдарё тажрибаси билан яқиндан танишди. Тўгарак раҳбарлари ва ўқитувчилар билан суҳбатлашиб, билмаганларини ўрганди, етарли тажриба ва кўникмага эга бўлди. Энди барча мактабларда босқичма-босқич юқори синф ўқувчиларига иккита чет тили ва битта касб-ҳунар ўргатиш жорий этилади.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокимига кейинги ўқув йилига қадар вилоятдаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда бу тизимни жорий қилиш, қолган вилоят ҳокимларига йил якунигача ҳар бир туманда камида иккитадан мактабда ушбу тажрибани йўлга қўйиш топширилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА