Бхарат — ҳинд тилидаги Ҳиндистоннинг расмий номи. Маҳаллий сиёсатчилар мустамлакачилик қуллиги рамзи сифатида Ҳиндистон номидан воз кечишга чақирмоқда. Ҳукумат бу бўйича тегишли қарорни парламентнинг навбатдан ташқари мажлисига киритиши мумкин.

Сўнгги хабарларга кўра, Нарендра Моди бошчилигидаги ҳукумат 18-22 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган парламентнинг навбатдан ташқари сессиясида Ҳиндистоннинг расмий номини Бхаратга ўзгартириш тўғрисидаги резолюцияни киритиши мумкин. Конгресс раҳбари Жаирам Рамеш, шунингдек, Ҳиндистон президентидан G20 расмий кечки овқат таклифномалари одатдагидек “Ҳиндистон Президенти” ўрнига “Бхарат Президенти” номи билан юборилганини тасдиқлади.

Депутат Санджай Сингх Ҳиндистоннинг расмий номини ўзгартириш масаласини, ҳукуматнинг амалдаги конституцияни ўзгартиришга уруниш сифатида баҳоламоқда.

Мамлакатнинг расмий номини ўзгартириш масаласи биринчи маротаба кўтарилаётгани йўқ. Ушбу масала 2016 ва 2020 йилларда ҳам Ҳиндистон Олий суди томонидан кўриб чиқилганди. Олий суд ушбу мурожаатларни рад этиб, мамлакат аҳолиси ҳис-туйғулари билан ўйнашмасликка чақирган.

Маълумотларга кўра, Ҳиндистон конституциясининг 1-моддасига биноан, иккала номга ҳам рухсат берилган. Унда, хусусан, «Ҳиндистон, шунингдек, Бхарат штатлар иттифоқи ҳисобланади» дейилган. Мамлакат номи ҳужжатларда ҳам турлича ёзилади — «Ҳиндистон Иттифоқи», «Ҳиндистон Республикаси» ва «Бхарат Саркар» номлари қўлланилади.  «Бхарат» сўзи Ҳинд субконтинентининг барча ерларини забт этиб, бирлаштирган афсонавий ҳукмдор Бхарат номи билан боғлиқ.

М.Турдалиева, ЎзА