Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди.

Ташриф доирасида Сенат раиси Тазнзила  Норбоева Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан учрашди.

Маълумки, Беларусь Ўзбекистоннинг МДҲдаги анъанавий ҳамкорларидан биридир. Мамлакатлар ўртасидаги алоқалар дўстлик ва шериклик руҳида изчил ривожланиб бормоқда.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, сиёсий, савдо -иқтисодий, илмий – техникавий ва маданий -гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Суҳбатда парламентлараро мулоқот самарали ривожланаётгани, ўзаро манфаатли учрашув ва тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаётгани, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ҳамда  Парламентлараро иттифоқ доирасида фаол ҳамкорлик қилинаётгани  таъкидланди.

Ўзбекистон ва Беларусь халқаро ва минтақавий ташкилотлар – БМТ, МДҲ, ШҲТ доирасида конструктив ҳамкорлик қилмоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон – Беларусь бизнес доиралари ва тадбиркор аёллар биринчи бизнес – форумига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу тадбир аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришига муҳим ҳисса қўшиши, савдо – иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича янги таклиф ва ташаббусларни муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун самарали майдонга айланиши таъкидланди.

Эришилган шартнома ва келишувлар ижроси устидан таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Қўшма тадбирлар орқали гендер тенглигига эришиш ва Беларусь аёллар иттифоқи билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув давомида бошқа муҳим масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Н.Абдураимова, ЎзА