Бугун Тошкентда Ўзбекистон – Хитой бизнес форуми ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг 10 йиллигига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда Хитой Коммунистик партияси Шаньдун музофоти қўмитаси котиби Лин У бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этди.

Мазкур форумдан кўзланган мақсад ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ва Шаньдун ўртасида маҳаллий даражада ўзаро манфаатли шериклик учун янги майдон яратишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Лин У барчани “Бир макон, бир йўл” имкониятидан биргаликда фойдаланиш орқали ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга чақирди.

Мамлакатимизда Хитой Халқ Республикаси билан савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йирик саноат маркази – Шаньдун музофоти билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини очишда эса мазкур тадбирнинг аҳамияти беқиёс. Форумда кўплаб бизнес вакиллари иштирок этиши хитойлик ишбилармон доиралар вакилларининг мамлакатимизга қизиқиши ортиб бораётганидан яққол далолат.

Жорий йил мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш 30 фоиз ўсиб, 7 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични йил якунига қадар икки давлат раҳбарлари томонидан белгиланган 10 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган. Инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланмоқда. Жами ўзлаштирилган Хитой сармояси 2017 йилдан буён 5 баробар ошиб, 11 миллиард долларни ташкил этди. Хитой компаниялари иштирокида мамлакатимизда ўнлаб замонавий корхоналар барпо этилди, нефть-газ, кимё, тўқимачилик каби муҳим соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Масалан, “Shandong Electric Power Construction” компанияси билан бирга Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган фотоэлектр станциялари қурилмоқда.

Форумда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида кўп йиллик самарали алоқа ўрнатилган бўлиб, икки давлатни, айниқса, мустаҳкам дўстлик риштаси боғлаб туриши алоҳида қайд этилди.  2013 йил Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Бир макон, бир йўл”ни биргаликда ривожлантиришдек йирик ғояни илгари сурди. Ўзбекистон қадимий Ипак йўлининг энг муҳим бўғини сифатида мазкур ташаббусни биринчи бўлиб қўллаб-қувватлаб, лойиҳада фаол иштирок этаётган давлатлардан бирига айланди.

Шаньдун ва Ўзбекистон ўртасида азалдан савдо-иқтисодий ва маданий алмашинув йўлга қўйилган. Бу заминдан 2000 йиллар муқаддам кулолчилик, шойи мато ва бошқа асл моллар ортилган туя карвонлари Ўзбекистонга қатнаган. Ҳозир ҳам ушбу йўналишда шарқдан ғарбга “Цилу” Евросиё юк поездлари муаммосиз ҳаракатланиб, Янги Ипак йўлининг “пўлат кўприги”ни мустаҳкамламоқда.

Шаньдун Ўзбекистон вилоятлари билан ҳамкорликни рағбатлантириш, сармоя ва алмашинув кўламини кенгайтириш, товар айирбошлаш орқалихалқларимиз ўртасидаги алоқани ривожлантириш тарафдори.

Тадбирда сўзга чиққанлар ҳар икки томоннинг мавжуд имкониятлари ҳақида батафсил маълумот бериб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболини алоҳида қайд этдилар.

Анжуман доирасида янги қўшма лойиҳалар бўйича қатор шартномалар имзоланди.

Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА