Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган тадбиркорларни, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз ва ноқонуний аралашиш каби ҳолатларнинг олди олинмоқда. Зеро, тадбиркорликнинг ривожланиши янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига оилавий тадбиркорлик фаолиятини юритишни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган субъектлар беш нафаргача доимий ишчи билан меҳнат шартномаси тузиши ва ёллаши мумкинлиги белгиланмоқда. Айни пайтда амалдаги нормага кўра, уч нафаргача доимий ишчи билан меҳнат шартномаси тузиш ва уларни ёллаш мумкин.

Бундан ташқари, мазкур қонун лойиҳаси билан амалдаги қонунчилигимиздаги бир оилавий корхона иштирокчиси бир вақтнинг ўзида бошқа оилавий корхона иштирокчиси бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги чеклов чиқариб ташланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида қизғин муҳокама қилинди. Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди, айрим нормалар юзасидан турли саволлар ўртага ташланди.

Қайд этилганидек, лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар оилавий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада кенгайтиришга, янги иш ўрни яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

М.Комилова, ЎзА