Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги ўзаро ишончли ҳамкорлик алоқалари йилдан йилга мустаҳкамланмоқда. Айниқса, Сиан шаҳрида давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган Хитой – Марказий Осиё форуми, унда имзоланган ҳужжатлар ҳам мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Учрашув минбаридан Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Биз ютуқларимиздан биргаликда фойдаланайлик. Биз рақобатчилар эмас, дўстлармиз” деган эди.

Дарҳақиқат, Марказий Осиё ва Хитой халқи дунё тараққиётига муносиб ҳисса қўшган. Агар биз бир-биримизни қўлласак, эришган ютуқлар, натижалардан Си Цзиньпин айтганидек, биргаликда фойдалансак, халқларимиз ҳаёти янада фаровонлашади, давлатларимиз янада бақувват  бўлади. Бу гаплар тўлалигича оммавий ахборот воситаларига ҳам тегишли.

Хўш, бугунги ўзбекистонлик ўқувчи қўшни мамлакатлар ва Хитой ҳақида нима билади? Афсуски, ахборот майдонида бизларни боғлаб турувчи бирон тузилма ёки ахборот тарқатувчи оммавий восита йўқ. Биз Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон  ва Қозоғистон билан чегарадош бўла туриб, у ердаги ҳаёт ҳақида тизимли эмас, пала-партиш ахборотга эгамиз. Аксарият ҳолларда кимнингдир манфаатига хизмат қилувчи сайт, блогер ёки норасмий манба тарқатган маълумотларни ўқиймиз. Шунда ҳам улар жуда оз.

Масаланинг яна бир томони бор, ўзбекистонликларга Хитой ҳақидаги ахборот қизиқми? Бундан 2200 йил аввал Хитой императорининг элчиси Чжен Цянь бугунги Ўзбекистоннинг Фарғона водийсига келган. Қайтиб боргач жуда қизиқарли сафар ҳисоботини тақдим этган. Бизда ундан айрим иқтибос бор холос. Шу муҳим ҳужжат Хитой тарихий музейида сақланмоқда, аммо ҳужжат ҳатто рус тилига ҳам таржима қилинмаган.

Ўзбекистонда элчи Чжен Цяньнинг ҳисоботига бўлган қизиқишнинг чеки йўқ.   Хитой камбағалликни қисқартириш борасида дунёда мислсиз тажриба орттирди. Статистик маълумотларга кўра, бу рақам Сианда бўлиб ўтган форумда ҳам айтилди. Хитойда 800 миллион одам камбағалликдан чиқарилган. Ана ўша форумда бу қимматли тажриба ўртоқлашилди. Аммо унинг ишида ғоят чекланган миқдорда журналистлар иштирок этгани учун ҳам ибратли тажриба ҳали мамлакатларимизда оммалашмади. Ҳолбуки, бундай  ранг-баранг тажриба Марказий Осиё давлатларининг барчасига жуда фойдалидир.

Август ойининг сўнгги кунлари Урумчи шаҳрида Марказий Осиё – Хитой журналистлари форуми бўлиб ўтди. Унда ўзаро ахборот алмашувининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Эътиборли жиҳати шундаки, анжуманда Шинжон ҳукумати ва раҳбариятининг олий мақомдаги вакиллари ҳам иштирок этди. Тадбирда ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бориши заминида мустаҳкам ижтимоий муносабатлар туриши лозимлиги таъкидланди.

Тан олиш керак, Марказий Осиё бугун дунё геосиёсатининг қайноқ нуқтасига айланди. Марказий  Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқига қўшни мамлакатлар, масалан, Хитойдаги реал воқеликлар ҳақидаги холис ахборот етказилиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Бунга эришишнинг бирламчи шартлари нимада?

 

Биринчидан, Марказий Осиё ва Хитой ОАВлари, журналистларини бирлаштирувчи ҳуқуқий мақомга эга ташкилот – алянс ташкил этиш вақти келди.

Иккинчидан, бу алянс муассислигида ягона ахборот воситаси “Биз” номида интернет сайти таъсис этиш мақсадга мувофиқ. Унинг алянс аъзолари бўлмиш мамлакатларда аккредитациядан ўтган мухбири ва ўша мамлакатлар журналистларидан ташкил топган жамоатчилик бюроси очилсин. Бу интернет сайт алянс аъзолари бўлган давлатлардаги муҳим сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ахборотларни ўша мамлакатлар журналистларини жалб этиб тезкор ва холис ёритиши лозим.

Учинчидан, алянс аъзолари бўлган мамлакатлар ОАВлари “Биз” интернет нашри материалларини кенг тарқатишга фаол ҳисса қўшиши лозим.

Тўртинчидан, ҳар йили бир марта навбат билан алянс аъзолари бўлган мамлакатлар журналистларининг форумини ўтказиш ташкил этилса.

Журналистларнинг Урумчи форумида юртимиз журналистлари шу каби таклифларни киритди. Иштирокчи томонлар уни қўллаб-қувватлашди. Яқин кунларда форумнинг якуний ҳужжати – декларация эълон қилинишига келишиб олинди. Шуни айтиш керакки, журналистларнинг Урумчи форуми доирасида Хитойнинг йирик ахборот агентлиги “China news service”нинг Шинжондаги ваколатхонаси фаолияти билан танишилди. Буюк ипак йўлидаги Турфон шаҳри, “Тянь-Шань Тьянчи” сайёҳлик мажмуасидаги “Осмон кўли”  иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

 

Муҳаммаджон Обидов,    

Тошкент – Урумчи (Хитой)