Парламент қуйи палатасининг мажлисида “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Амалдаги “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунда давлат мулки объектларини хусусийлаштириш жараёнларини очиқ ва ошкоралик, қонунийлик принциплари асосида амалга ошириш, харидорларнинг оммавий савдоларда иштирок этишлари учун тенг шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари ўз аксини топмаган, — деди Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров. — Мазкур ҳужжатда хусусийлаштиришнинг фақатгина 2 та — ким ошди, танлов услуби назарда тутилган. Давлат активларини электрон-онлайн аукцион савдоларда сотиш ҳақидаги нормалар мавжуд эмас, хусусийлаштириш соҳасида давлат органлари ваколатларининг чегаралари аниқ белгиланмаган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан хусусийлаштиришнинг барча босқичлари, хусусийлаштиришнинг принциплари мустаҳкамланмоқда. Хусусийлаштиришнинг қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, ҳисобдорлик, тенг рақобат муҳитини таъминлаш ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик каби принциплари белгиланяпти.

Шунингдек, электрон-онлайн аукцион, танлов ва биржа, музокараларга оммавий таклиф қилиш, рақобатга асосланган мулоқот асосида сотиш, корхонани ва кўчмас мулк объектини бошқа жамиятнинг устав фондига киритиш ва корхоналарни кейинчалик сотиш шарти билан ижарага бериш каби хусусийлаштиришнинг янги 8 та услуби киритилмоқда. Энг муҳими, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши муносабати билан хусусийлаштирилган мулкнинг дахлсизлигини кафолатлаш белгиланмоқда. Бундан ташқари, ваколатли давлат органларининг хусусийлаштириш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда, — деди депутат.

Муҳокамалар давомида қонун лойиҳасининг айрим модда ва нормалари бўйича саволлар ўртага ташланди, лойиҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мутасаддилар саволларга жавоб бердилар. Ҳужжатнинг қабул қилиниши хусусийлаштириш жараёнларининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашга, барча харидорлар учун тенг шароитлар яратилишига хизмат қилиши таъкидланди.

 

М.Комилова,  

ЎзА