Хабарингиз бор, 2023 йил 30 апрелда янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси амалга киритилди. Табиийки, ҳар қандай янги норматив ҳужжатни амалиётга татбиқ этишда бир қатор камчиликлар учраб туради. Шундай камчиликларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида туркум материаллар узатамиз. Сўнгги кунларда бўлаётган мурожаатларнинг аксари меҳнат таътили борасида эканини инобатга олган ҳолда бугун шу мавзуни ёратишга жазм қилдик.

–Мен таълим ташкилотида 2019 йилдан буён 1 ставка логопед ўқитувчи, 0.5 ставка психолог вазифасида ишлаб келаман. Ҳар йили июнь ойида иккала лавозим учун ҳам меҳнат таътилига чиқардим ва тўлиқ тўлаб беришар эди. Бу йил 0.5 ставка психолог учун таътил пулим тўланмади. Адлиядан буйруқлашганда ўриндош дейилган экан. Мен бир ташкилотда ишлайман, ўриндош эмасман. Тарификациядан ўтганман 1.5 ставка бўйича менга тўланмаслиги тўғрими?

– Юқоридаги ҳолат кўпчиликда учрайди. Бунда энг асосий урғу “мен ўриндош эмасман” жумласига қаратиляпти. Мазкур ҳолатда сиз ўриндошсиз. Лекин бу сизга таътил бермаслик учун асос бўлмаслиги керак. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 432-моддасида ходим ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш саналиши белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарори билан тасдиқланган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида”ги низом 2-бандида ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши ўриндошлик асосида ишлаш эканлиги белгиланган.

Юқоридаги қоидаларнинг мазмунига кўра, ходим асосий меҳнат шартномаси асосида лавозим мажбуриятларини бажаришдан ташқари бошқа ишни бажариши ўриндошлик саналади. Юқоридаги низом бўйича ўриндошлик ички ва ташқига бўлинади. Бир ташкилотда икки лавозимда ишлаш бу ички ўриндошлик ҳисобланади. Меҳнат кодекси 439-моддасига мувофиқ ўриндошлик асосида ишловчи шахсларга йиллик асосий таътиллар, шунингдек ўриндошлар ҳақли бўлган қўшимча меҳнат таътиллари асосий иш жойидаги йиллик меҳнат таътили билан бир вақтда берилади. Шундай экан, сизга ўриндошликдаги лавозимингиздан ҳам меҳнат таътили берилиши шарт.

 

Ирода Қаҳҳорова  

ҳуқуқшунос