БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) баҳоларига кўра, дунё бўйлаб 2,3 миллиард инсон суст ёки ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги йўқлиги ҳолатида яшамоқда. Уларнинг 566 миллиони (25%) Осиёда истиқомат қилади. Бугун бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда.

Шу боис ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи халқаро доираларда кўп бора муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирларни кўриш бўйича ҳужжатлар қабул қилинади, давлатлар ўзаро тажриба алмашади.

Шу йил 7-8 сентябрь кунлари кўҳна Самарқандда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказилади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилаётган ушбу халқаро тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг техник кўмагида бўлиб ўтади. Унда ўттиздан зиёд мамлакатлардан вазирлар ва дипломатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молия институтлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқалардан вакиллар иштирок этиши кутилмоқда.

— Бугунги кунда дунё ерлар деградацияси ва сув ресурсларининг тақчиллиги, пандемиялар ва нобарқарор геосиёсий вазият муаммоларига дуч келмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. — Ушбу чақириқлар фонида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада ўткир тус олмоқда. Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига, пировардида, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қандай таъсир кўрсатаётганини барчамиз ҳис қилаяпмиз. Сув ресурслари камайиб бормоқда, юқори ҳарорат экинлар ҳосилдорлигига ва чорва сонига салбий таъсир кўрсатяпти. Иқлим ўзгаришлари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни олдиндан белгилашни қийинлаштирмоқда. Бу эса прогнозлаш ва режалаштиришнинг аниқлигини сусайтирмоқда. Мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро конференцияда дунёда агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги ечимларни муҳокама қилиш имкони бўлади. Шунингдек, кун тартибидан иштирокчи мамлакатлар ўртасида сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун “яшил” ва экспресс даҳлизлар очиш масаласи ҳам ўрин олган.

Вазирлик ахборот хизматининг тақдим этган маълумотига кўра, мазкур конференция доирасида Ўзбекистоннинг аграр тармоқни ислоҳ қилишдаги ютуқлари тақдимот қилинади. Шунингдек, “Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти” кўргазмаси ва I Ўзбекистон агроозиқ-овқат инвестиция форуми ўтказилади. Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Корея Республикаси, Польша, Озарбайжон, Қозоғистондан 50дан зиёд компания қатнашади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро тадбир дунё мамлакатлари олдида турган муҳим масала — озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни жадаллаштириш, ечимларни муҳокама қилиш, шунингдек, аграр соҳадаги ютуқларни тарғиб қилиш ва ўзаро тажриба алмашишда алоҳида аҳамият касб этади. Қолаверса, ушбу кенг кўламли тадбирнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши дунё жамоатчилигининг эътибори юртимизга, қадимий Самарқандга яна бир бор қаратилишига хизмат қилади.

 

М.Комилова,  

ЎзА