Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 августда қабул қилинган “Олий таълим муассасалари талабаларини турар-жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилдан биринчи курсга қабул қилинган талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш онлайн тарзда амалга оширилади. 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб, бу тартиб барча курс талабалари учун қўлланилади.

Янги тизим олдинги йилларда кузатилган бир қатор муаммоларни бартараф этган ҳолда талабаларга қулайликлар беради. Хусусан, энди талаба макон ва замон танламасдан, куннинг исталган вақтида ётоқхона олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Ариза топширишда ортиқча қоғоз ҳужжат талаб этилмайди. Ҳужжатларни қабул қилишда инсон омили иштирок этмайди. Навбат кутишга ҳам ҳожат йўқ – 10 дақиқада онлайн мурожаат қилиш мумкин.

Талаба ўз аризасини онлайн кузатиб боради. Шу тариқа талабалар ётоқхонага жойлашади.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ижарада яшовчи талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби ҳам соддалаштирилди. Бунда талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (330 минг сўм), қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари (165 минг сўм) миқдорида тўланиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун қўйиладиган бир қатор талаблар бекор қилиниб, талабгорни аниқлаш мезонларини белгилаш ваколати олий таълим муассасасидаги комиссияга берилди. Бу орқали ҳақиқатда ижарага эҳтиёжманд бўлган талабаларнинг имтиёздан фойдаланиш имконияти янада оширилади. Шунингдек, талабаларга ўз хонадонини ижарага берувчиларнинг мазкур фаолиятдан олган даромадлари солиққа тортилмайди.

Яна бир қулайлик. Хабарда қайд этилишича, ijara.soliq.uz сайти орқали кўчмас мулк ижара шартномаларини 2 хил усулда ҳисобга қўйиш мумкин. Бунда ижарага берувчи сайтдан «Талабалар ижараси» бўлимини танлаб «Ижарага олувчи талаба тўғрисида маълумот» ойнасига ижарага олувчи талабанинг ЖШШИРни киритганда унинг маълумотлари (Ф.И.О, таълим олаётган ўқув юрти, факультети, таълим шакли ва босқичи, шунингдек доимий рўйхатга олинган манзили) автоматик шаклланади. Кейинги жараёнда «Қўшиш» тугмаси орқали талаба билан бирга турган бошқа талабалар дастурга киритилади.

Сўнгра “Телефон рақами” қаторига ижарага олувчи талабанинг телефон рақами киритилиб, “Тасдиқлаш кодини юбориш” тугмаси босилади. Талабанинг телефонига СМС орқали келган 5 хонали рақам “Тасдиқлаш коди” қаторига ёзилиб “Тасдиқлаш” тугмаси босилади.

“Солиқ” мобиль иловасининг “Ижарага бериш” ундан сўнг “Талабалар учун ижара шартнома” бўлими орқали талабалар билан тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари ҳисобга қўйилади.

Иловага ижарага берувчи жисмоний шахс томонидан талабанинг шахсий идентификация рақами киритилганда унинг маълумотлари автоматик шаклланади. Талабалар FACE ID ёки телефон рақамига СМС орқали келадиган 5 хонали рақамни киритиш орқали ижара шартномасини тасдиқлаши мумкин.

Талабалар билан тузилган ижара шартномалари ҳисобга қўйилганда ушбу маълумотлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги базасида шаклланади. Бу эса ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб беришда олий ўқув юртларига қулайлик яратади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, солиқ тўловчининг уй-жойларни талабаларга ижарага беришдан олган даромадлари солиқдан озод этилган.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА