Ижтимоий тармоқларда “Пахта терими учун янги тўлов нархлари эълон қилинди” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди. Бунга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан расмий муносабат билдирилди.

Вазирлик соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан очиқ мулоқотга ҳар доим тайёрлигини, лекин шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқларда баъзи маълумотлар охиригача ўрганиб чиқилмасдан, бир ёқлама ёндашув асосида кенг оммага тақдим этиш ҳолатлари учраётганини қайд этган.

“Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарни атрофлича ва холис ўрганиб чиққан ҳолда, қуйидагиларни маълум қилади: пахта терими учун тўлов нархлари ҳар йили мавсум бошланишидан аввал, муайян бир муддатда белгиланади ва бозор тамойиллари эътиборга олинган ҳолда ҳукумат томонидан тасдиқланади. Теримнинг ҳар бир тури учун алоҳида сумма белгиланади, сўнг барча ОАВ орқали эълон қилинади.

Айни кунларда пахта теримига нарх белгилаш бўйича ишлар вазирликлар билан келишув жараёнида. Бунда унинг биринчи ва иккинчи терими учун (навларини ҳисобга олиб) қанча нарх белгиланиши аниқ кўрсатилади. Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди” дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларни тарқатилаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш лозимлигига яна бир бор чақириб қолган.

 

ЎзА