Ҳукмрон “Грузия орзуси” партиясининг парламент фракцияси Конституцион судга тақдим этиш ва Грузия Президенти Саломе Зурабишвилига нисбатан импичмент жараёнини бошлаш учун имзо тўплашга киришди. Бу ҳақда брифингда фракция етакчиси Мамука Мдинарадзе маълум қилди.

“Чоршанба кунигача ҳужжатларни тайёрлаш иши тугатилади, кейин имзоларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун жараён масалалари бўйича қўмитага тақдим этилади. Шундан сўнг тегишли хулоса чиқариб бериш учун ҳужжатлар Конститицион судга тақдим қилинади”, деди у.

Ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси 1 сентябрда президентга нисбатан импичмент жараёнини бошлаш тўғрисида баёнот берган эди.  Бунга давлат раҳбарининг Европа Иттифоқи мамлакатлари билан учрашувга боргани сабаб қилиб кўрсатилган. Зурабишвили Конституциянинг «Президент Вазирлар Маҳкамаси билан келишгандан кейин ташқи сиёсатдаги ваколатли мажбуриятларини бажариши мумкин», деб қайд этилган бандини бузганликда айбланяпти.

Конституцион судга президент импичменти тўғрисида мурожаат учун 150 нафардан 50 депутатнинг имзоси зарур. Суд таклифни қўллагач, парламент импичмент масаласи учун овоз беради.

 

ЎзА