Бу қўшиқлар дунё узра янграган ва янграшда давом этади. Чунки Ватан, халқ дарду ташвишлари, энг юксак туйғулар улуғланган қўшиқлар миллионларнинг қалбини забт этган.

Қўшиқчилик санъатининг энг ёрқин юлдузи, бетакрор овоз соҳиби Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этди…

Буюк ҳофиз ўз ижодий фаолияти давомида юзлаб ўлмас қўшиқлар яратди. Шерали Жўраев ижод мактабига асос солди. Юзлаб шогирдларни камолга етказди.

Шерали Жўраев наинки Ўзбекистонда, балки минтақамиздаги энг забардаст санъаткор сифатида эътироф этилган. Ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига ҳаётини бахшида этган ҳофизнинг фавқулодда ноёб овози, ижро этган ҳар бир қўшиғи ҳар бир хонадонга, ҳар бир юракка кириб борган, қалбларни забт этган.

Санъаткорнинг ўзбек тили ва адабиёти, санъатига бўлган меҳри ва садоқати ҳар бир ижросида зоҳир эди. Афсус, бу табаррук зот, устоз-санъаткор энди орамизда йўқ.

Ҳофиз ижро этган қўшиқлар энди унинг шогирдлари, фарзандлари томонидан давом эттирилади.

Демак, салкам 80 йиллик умр бесамар кетмади, ундан ёрқин из қолди.

ЎзА