Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 32 йиллги нишонланаётган шу кунларда Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида кичик дала ўқув майдони фойдаланишга топширилди.

Қуролли Кучлар тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар кўп йиллардан бери оғриқли бўлиб келган муаммоларни ҳал этиш, ҳарбий хизматчилар учун хавфсиз хизмат шароитларини яратиш, армиянинг жанговар қудрати ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Ана шундай ўзгаришлар сабаб, бугун Мудофаа вазирлиги қўшинларида мавжуд бўлган ҳарбий объектлар инфратузилмаси такомиллаштирилиб, замон талабига мос бўлган янги ижтимоий ва жанговар тайёргарлик объектлари бунёд этилмоқда. Бунинг натижасида армиянинг қудрати ортиб, жанговар тайёргарлиги сезиларли даражада юксалди.

Нукус гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмларнинг бирида илгари ташландиқ бўлган қарийб 1,5 гектардан ортиқ ҳудудда кичик дала ўқув майдони барпо этилиб, унда 10 та шаҳарчадан иборат 50 га яқин ўқув жойи яратилди.

Объектни фойдаланишга топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Улуғбек Абдураҳимов, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

Таъкидланганидек, ушбу кичик дала ўқув майдонида бир вақтнинг ўзида 600 нафар ҳарбий хизматчининг жанговар тайёргарлик машғулотлари билан кундузи ва тунда шуғулланиши учун имконият яратилган. Эндиликда ўнлаб километр олисдаги “Нукус” умумқўшин полигонига бориш учун сарфланадиган вақтдан унумли фойдаланиб, машғулотларни ҳарбий қисм ҳудудининг ўзида ташкил этиш мумкин.

Артиллерия жанговар иш шаҳарчаси, ҳаво ҳужумидан мудофаа, муҳандислик, алоқа, техник, отиш ва тоғ тайёргарлиги, радиацион, кимёвий, биологик муҳофаза, ҳарбий топография шаҳарчалари ҳамда жамоавий руҳий барқарорликни шакллантириш йўлагидан иборат кичик дала ўқув майдони ўлкамизнинг Шимоли-ғарбий ҳудуди хусусиятларига мос равишда яратилди. Ҳар бир шаҳарча 4-5 тадан ўқув жойи ва нуқталаридан иборат бўлиб, уларда якка ва гуруҳ таркибида жанговар тайёргарлик машғулотлари билан ҳам кундузи, ҳам тунгги шароитда шуғулланиш мумкин. Ўқув жойларидаги нишон макетлари, турли тўсиқлар, хандақ, траншея, ертўлалар ҳамда бошқа объектлар низом талабларига мувофиқ яратилган.

Жанговар тайёргарлик шаҳарчаларида амалий машғулотларни ўтказишдан олдин назарий билимларни бойитиш, техника хавфсизлиги талаблари билан танишиш учун очиқ турдаги синфхоналар мавжуд. Ушбу объект эндиликда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлиги янада юксалишига хизмат қилади.

Тантанали тадбир давомида ушбу дала ўқув майдони барпо этилишида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга миннатдорлик билдирилди.

Тимур НАРЗИЕВ,  

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи,  

подполковник.  

ЎзА