Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг суперлига ва пролигада фаолият юритадиган ҳакамлари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Унда  хатоликларга йўл қўйган бир қатор мутахассисларга тегишли чоралар кўрилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари, ҳакамлар комиссияси вакиллари, инструкторлар, ва назоратчилар иштирокида ўтган йиғилиш танқидий руҳда ўтди.

Охирги тур учрашувларда ҳакамлар томонидан қайд этилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинди ва айримларига огоҳлантириш берилди. Хатога йўл қўйган мутахассислар қуйи лигаларга туширилди.

– Ассоциация томонидан футболни ривожлантириш, ҳакамликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, — деди Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Равшан Эрматов. — Бироқ, кейинги пайтларда айнан ҳакамлик билан боғлиқ вазиятлар сабабли мухлисларда эътирозлар бўлаётгани сир эмас. Юқори савияга эга ҳакамларни тайёрлаш ассоциациямизнинг асосий вазифаси саналади. Ўз билим ва кўникмалари устида доимий ишлаб борадиган ҳакам VAR ёрдамисиз учрашув тизгинини назорат қила олади. Айнан шундай ёндашув орқали чемпионатга бўлган ишонч ва қизиқиш кучаяди. Ушбу вазифаларни тўлиқ англай олмаётган, масъулиятсиз ҳакамларнинг фаолияти доимий тарзда қайта кўриб чиқилади. Бундан буён майдонда сифатли ҳакамлик қиладиган мутахассислар билан ишлаймиз. Уларнинг халқаро даражага чиқиши йўлида барча имкониятларни ишга соламиз.

Семинарда тажрибали экспертлар томонидан тайёрланган видеороликлар ёрдамида баҳсли вазиятлар таҳлил қилинди. Хатолар кўрсатиб ўтилиб, камчиликларни бартараф этиш, учрашувларда асосан нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида тегишли қарор қабул қилинди.

Т. Рўзиев. ЎзА