Элликқалъа туманининг энг олис ҳудуди – “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили олдидан 176 ўринли янги мактаб биноси ва спорт зал фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва 25 февраль куни ўтказилган йиғилиш баёнида Элликқалъа туманидаги 33-сонли умумтаълим мактаби ва янги спорт зали қурилиши режалаштирилган эди. Лойиҳа қиймати 4 миллиард 12 миллион сўм бўлган мактаб биноси ва янги спорт залини фойдаланишга топшириш маросимида сўзга чиққанлар томонидан Президентимиз раҳнамолигида энг олис ҳудудлардаги аҳоли фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилаётганлиги алоҳида таъкидлади.
* * *
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Қонликўл тумани “Наврўз” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида дастлабки уй-жойнинг қурилиш ишлари якунланиб, ўз эгаларига топширилди. Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида 14,3 гектар ер майдони ажратилиб, 10 та 5 қаватли 30 квартирали уй-жой ҳамда 2 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объекти қурилиши режалаштирилиб, шундан дастлабкиси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда уй-жойга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо беришди.
* * *
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ бўлими томонидан хайрия тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақиллик байрами муносабати билан мана шундай оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири.