АҚШ Президенти Жо Байден ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган G20 саммитида қатнашишига умид билдирди. У Вашингтонда Қўшма Штатлар фавқулодда вазиятлар бўйича Федерал агентлигида сўзлаган нутқида шундай деди:

“Мен ишонаманки, Хитой етакчиси саммитда қатнашади”.

Оқ уй ўтган ҳафта Байденнинг Деҳлида “катта йигирмалик” йиғилишида иштирок этиши тўғрисида хабар берган эди.

Reuters хабарига кўра, Си Цзиньпин Деҳли саммитида қатнашмаслиги мумкин.

Ҳиндистон ва Хитой расмий манбалари ҳам 9-10 сентябрдаги саммитда ХХРдан Давлат кенгаши бош вазири Ли Цян қатнашиши тўғрисида хабар сиздирган.

Мазкур йиғилишда Россия Президенти Владимир Путин ҳам иштирок этмайди.

Ҳиндистон 2022 йил 1 декабрдан “катта йигирмалик”ка раислик қилиб келмоқда.