ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан жойларда “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган “Маънавият фестивали” энг чекка овулларни ҳам қамраб олмоқда.
Нукус шаҳридан бошланган фестиваль тадбирлари Мўйноқ туманида “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимотига уланиб кетди. Элликқалъа туманида эса давлат ва жамоат ташкилотлари, корхона ва идораларда “Инсон қадри” лойиҳаси доирасида давра суҳбатлари, Тахиатош туманида илм-фан намояндалари, маданият ва санъат арбоблари иштирокида “Уч авлод учрашуви”, Нукус туманида “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” шиори остида миллий маданий марказлар форуми бўлиб ўтди.
Болаларнинг маънавий дунёсини бойитиш, китобга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Нукус шаҳридаги 39-сонли мактабгача таълим муассасасида “Менинг илк китоб жавоним” лойиҳаси амалга оширилди. Тадбир доирасида меҳмонлар муассасадаги тарбияланувчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, болажонларга тайёрланган байрам совғалари ва янги китобларни топширдилар.
Байрам тадбирлари Оролбўйидаги барча шаҳар ва овулларда давом этмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА