Махсус лабораторияларда 3D формати асосида сунъий гўшт тайёрлаш аллақачон бошланган. Ҳозир дунёда фақатгина Сингапур ва AҚШда сунъий гўшт сотувига рухсат берилган холос. Хўш, ушбу лабораторияларда гўшт қандай ишлаб чиқарилади, бундан мақсад нима эди, унинг мазаси табиий гўштга қанчалик ўхшайди? “Макон ва замон” дастурининг бу галги сонида бу ҳақда қисқача тўхталиб ўтамиз.

Замонавий истеъмол маҳсулотларини бир неча ўн йил аввал тасаввур қилиб бўлмас эди. Олимлар ва диетологлар ноодатий усулдаги, эҳтимол келажакда нормага айланадиган озуқаларни яратишда давом этмоқда.

Аслида сунъий гўшт фермер хўжаликлари маҳсулотларининг ўрнини босувчи ва экологияни асрашга ёрдам берувчи маҳсулот сифатида тақдим этилмоқда. Лаборатория истеъмол маҳсулотига ўтиш иссиқхона газлари миқдорини камайтириш ва ёввойи ҳайвонларнинг кескин йўқолишига чек қўйиш имконини беради. Масалан, “Memphis meat” компанияси оғриқсиз биопсия ёрдамида олинган ҳайвонларнинг асос ҳужайраларидан тайёрланувчи сунъий фрикаделкалар ишлаб чиқармоқда. Бироқ нархлар борасида анча тафовутлар борлиги учун маҳсулот ҳали оммалашмади.

Олимлар лабораторияда фақат гўшт эмас, балки денгиз маҳсулотларини ҳам етиштириш мумкинлигига қарор қилишди. Тоуро коллежининг биологлар гуруҳи қорамолнинг эмбрионал зардобига тилла балиқнинг мускул тўқимасини киритиб, балиқ филесини олишди. “New Wave Foods” компанияси мутахассислари эса сувўтларидан креветкалар яратишди. Келажакда ишлаб чиқарувчилар сунъий краб ва лобстерни яратишни режалаштирмоқда.

Яқинда Хитойнинг Шанхай шаҳрида жойлашган “CellX” компанияси сунъий гўшт ишлаб чиқарувчи тажриба заводини ишга туширди. Ушбу йил охирида мазкур компания сунъий гўштни сотишга рухсат олиш учун AҚШ ва Сингапурга мурожаат қилади. Чунки ҳозирча лабораторияда етиштирилган маҳсулотларни фақат ушбу мамлакатларда сотиш тасдиқланган. Aммо Хитой компанияси 2025-йилгача халқаро бозорга чиқишни режалаштирмоқда. Корхонада 2 минг литр ҳажмли биореактор мавжуд. Кейинчалик жиҳозлар сонини кўпайтириш, маҳсулот таннархининг юқори сифатини сақлаб қолган ҳолда нархни тушириш режалаштирилган. Унга кўра, бундай сунъий гўштнинг килограмми 100 доллардан ҳам арзонроқ сотилади. Бироқ бу турдаги гўштни етиштиришда бир қатор қийинчилик ва камчиликлар бор. Хусусан, мамлакат олдида 1,5 миллиардга яқин аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун ҳайвон оқсили манбасини топиш муаммоси турибди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, товуқ ва чорва моллари метан чиқиндилари, ўрмонларнинг кесилиши ва сувдан фойдаланиш туфайли атроф-муҳитга катта таъсир кўрсатади. Олимларнинг қўшимча қилишича, иқлим инқирозидан чиқиш учун ривожланган мамлакатларда оддий гўшт истеъмолини кескин камайтириш керак. Сунъий гўшт ҳам табиий гўшт каби бир хил таъм билан таъминлаши мумкин, аммо атроф-муҳитга таъсири анча паст.

Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Ў.Алимов,

Д.Ёқубов (видео), ЎзА