Дунёда комплекс спорт мусобақалари ўтказишда Хитой етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Мамлакат пойтахти Пекин ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларини қабул қилган дунёдаги ягона шаҳар мақомига эга. Осиё ўйинлари ва Универсиада каби комплекс мусобақалар бир неча марта ушбу юртнинг турли минтақаларида ташкил этилганлиги мамлакат спорт инфратузилмаси жадал ривож топаётганлигини англатади.

Шу жиҳатдан, Хитой тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмаслиги назарда тутилган ҳолда “Тошкент – 2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун “Олимпия шаҳарчаси”ни барпо этиш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мутахассисларидан иборат юртимиз спорт делегацияси ушбу мамлакатга ташриф буюрди.

Ишчи гуруҳ  2022 йилги қишки Олимпия ўйинлари учун барпо этилган “Пекин Миллий конькида югуриш маркази”да бўлди. Унинг кенг имкониятларини ўрганди. Хитойлик спорт мутахассислари билан суҳбатлашди.

Юртимиз мутахассислари “Тошкент – 2025” ёшлар Осиё ўйинларининг қурилиши учун масъул бўлган “China CAMC Engineering” компанияси бош директори Ли Хайсинь билан пойтахтимизда қурилаётган “Олимпия шаҳарчаси”да олиб борилаётган ишлар хусусида фикрлашди.

Ташриф доирасида мамлакатимиз вакиллари CNSG (China National Sports Group) компанияси мутасаддилари билан админстратив ва ташкилий йўналиш бўйича ҳамкорликнинг янги қирралари борасида маслаҳатлашилди. Келгуси режаларни белгилаб олишди.

Т.Рўзиев. ЎзА