Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низолар судга қадар ҳал қилиш комиссияси томонидан ёки суднинг қарорига кўра бекор қилинади.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган Низомда жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказишга оид шикоятларини кўриб чиқиш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш;
шикоятларни кўриб чиқишда мурожаат этувчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллиги принципларига қатъий риоя қилиш тартиби белгилаб берилган.
2024 йил 1 февралга қадар Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда низоларни судга қадар ҳал қилиш реестри ахборот тизими ишга тушади.
ЎзА