Нукусда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланганлар, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, фаоллар, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар раислари иштирок этди.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғоясини ўзида мужассам этган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, Ўзбекистон Қаҳрамони О.Сайтова, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳибаси, шоира Г.Даўлетова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Е.Оринбаева, “MUINAK-TOUR” масъулияти чекланган жамият директори, “Дўстлик” ордени соҳибаси А.Бекжанова ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда гендер сиёсати масалаларига, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини оширишга қаратилган ишларга тўхталди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавиятини юксалтириш, оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Президентимиз томонидан тадбиркорларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳар биримизни янада шижоат, эртанги кунга ишонч билан ишлашга руҳлантирмоқда, – дейди “MUINAK-TOUR” масъулияти чекланган жамияти директори А.Бекжанова. – Оролбўйи ҳудудини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этилиб, Мўйноқда бунёдкорлик ишлари самарали олиб борилмоқда.

Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА