Қарор ва ижро

Дунёни кўз нури билан англаш, идрок этиш инсонга берилган бебаҳо неъматлардан бири. Олимларнинг таъкидлашича инсон ҳаёти давомида олган ахборотининг 80 фоизини айнан кўриш орқали олади. Аммо ҳаётда туғма нуқсон, бирор касаллик асоратлари, ёки эҳтиётсизлик оқибатида кўриш имкониятини йўқотган инсонлар ҳам бор.

Кейинги йилларда Ўзбекистон тиббиёти соҳасида эришилган энг катта ютуқлардан бири – айнан аҳолига кўрсатилаётиган офтальмология соҳасини ривожлантириш билан боғлиқ бўлганлиги кишини қувонтиради.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 июндаги Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан офтальмология йўналишидаги ишларни янада ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди.

Қарор ижроси доирасида, республикада хирургия, кардиология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ва юқори малакали врачлар билан тўлдирилган ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Хусусан, аҳолига кўрсатилаётган офтальмология хизмати сифатини ошириш мақсадида 2018-2022 йилларда Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказига 4,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги 145 та юқори технологик тиббий ускуналар олиб келинди.

Натижада, 49 турдаги офтальмологик касалликларни даволаш бўйича 172 турдаги тиббий хизматлар кўрсатишга, кўз микрохирургияси марказида дунё андозаларига мос равишда жарроҳлик фаоллиги 99,4 фоизга етишига эришилди. Ўтказилаётган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони аввал йилига ўн мингга етмаган бўлса, 2022 йилда ўн олти мингдан ортиқ операция бажарилди.

Албатта, бугун тиббиёт ривожи нафақат замонавий, юқори аниқликка эга бўлган асбоб-ускунлар, шу билан бирга, кадрлар салоҳиятига ҳам бевосита боғлиқ. Шу боис, 2018-2022 йилларда ушбу соҳа мутахассисларининг 50  нафари Франция, Туркия, Австрия, Қозоғистон, Латвия, Жанубий Корея, Россия, Беларусь каби давлатларда малака ошириб келди. Россия, Туркия, Исроил, Ҳиндистон, Хитой давлатларидан жами 20 нафарга яқин хорижий мутахассиснинг марказга ташрифи давомида 1000 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шу билан бирга, ушбу ўзгаришлар фақат марказнинг ўзи билан чекланиб қолгани йўқ. Хусусан, ҳудудлардаги деярли барча филиалларда катаракта факоэмульсификация, кўз олмасининг олди ва орқа қисмидаги барча турдаги лазер жарроҳликлари, оптик когерент томография, ультратовушли биомикроскопия диагностика усуллари кенг жорий қилинди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Бухоро филиалларида илк бор кератопластика ва витреоретинал жарроҳлик усуллари амалиётга жорий этилди.  Бундан бир неча кун олдин, яъни, 25 август куни Навоий вилоятидаги филиалда илк бор кўз олмасининг олди ва орқа қисмидаги асоратли катаракта сунъий кўз гавҳарини кўз склерасига тикиш амалиёти муваффақиятли бажарилди.

Шунингдек, офтальмология хизматини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида “ISUZU” русумидаги автобуслар негизида 13 мобиль поликлиника  ташкил этилди ва 5 хил замонавий офтальмологик ускуналар билан жиҳозланди. Ушбу мобиль поликлиникалар ҳудудий тиббиёт бошқармалари билан келишган ҳолда режа асосида ҳафтада эҳтиёжга қараб шаҳар ва туманларга, ишлаб чиқариш корхоналарига чиқиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиб келмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимиз тиббиёт соҳасида эришилаётган натижаларни бугун минглаб беморлар ўз ҳаётларида ҳис қилмоқда. Юзлаб оилалар фарзанди ёки яқинини даволатиш учун мисқоллаб маблағ йиғиб, ортиқча оворагарчиликлар билан хорижий давлатларга бормасдан ўз ҳудудида ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан фойдаланмоқда.

Маҳфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА