Беш кундан сўнг Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида оғир атлетика бўйича “Париж-2024” Олимпия ўйинлари рейтинг очколарини тақдим этадиган Жаҳон чемпионати баҳслари бошланади.
4 сентябрдан старт оладиган Жаҳон чемпионати ҳақида Халқаро оғир атлетика федерацияси айрим маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, дунё оғир атлетикачилари учун 2023 йилнинг энг муҳим мусобақаси бўлган ушбу чемпионатда жаҳон чемпионлари қатори жаҳон рекордчилари ва Олимпия ўйинлари совриндорлари чемпионат супачасига чиқиш учун талабномаларда қайд этилган.
Хўш, ушбу нуфузли мусобақада юртимиз спортчиларидан кимлар Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади?
4-17 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида оғир атлетика бўйича ўтадиган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгаши қарорига биноан 13 нафар оғир атлетикачиларимиз “Париж-2024” Олимпия ўйинлари рейтинг очколари ҳамда чемпионлик учун ўз вазнларида кураш олиб боради.
Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Мендибоев эълон қилган рўйхатга кўра, эркаклар ўртасида 61 килограммда Адҳамжон Эргашев, 67 килограммда Достон Ёқубов, 81 килограммда Муҳаммадқодир Тоштемиров, 89 килограммда Сарварбек Зафаржонов, 96 килограммда Суннатилла Ўсаров, 102 килограммда Шарофиддин Амриддинов, 109 килограммда Руслан Нуруддинов, 109 килограммда Акбар Жўраев ва +109 килограммда Рустам Жангабоев қатнашади. Аёллар ўртасида эса 55 килограммда Жамила Панфилова, 64 килограммда Шаҳлохон Абдуллаева, 87 килограммда Регина Адашбаева ва +87 килограммда Турсуной Жабборова баҳсларда иштирок этиши белгиланган.
Айни кунларда Чирчиқ шаҳрида жаҳон чемпионати олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғинларини ўтказаётган терма жамоамиз аъзоларининг биринчи таркиби 5 сентябрь куни, иккинчи таркиб 11 сентябрь куни Ар-Риёд шаҳрига жўнаб кетади. Жаҳон чемпионатида терма жамоамиз аъзоларидан биринчи бўлиб Адҳамжон Эргашев баҳсларга киришади. У 6 сентябрь кунги мусобақаларда қатнашади.
Халқаро оғир атлетика федерацияси маълумотига кўра, жисмоний тайёргарлик билан боғлиқ муаммоларга дуч келган икки нафар Олимпия ўйинлари чемпиони, бир нечта жаҳон рекордчилари хитойлик Ши Чжиёнг ва Хитой Тайпейи вакили Куо Хсинг-Чун жаҳон чемпионатидаги иштирокини «С» гуруҳида олиб боришади.
Ҳиндистонлик Мирабаи Чану, баҳрайнлик Лесман Паредес ва болгариялик Карлос Насар уч нафар жаҳон рекордчилари бўлиб, улар бир қатор халқаро мусобақаларга кечикишлардан кейин Ар-Риёддаги якуний синовда биринчи марта қўлланилган вазнни кўтармаслик вариантини қайд этди.
64 кг вазн тоифасида Токио Олимпиадаси чемпиони канадалик Мауд Чаррон, шунингдек, 71 кг вазнда жаҳон ва Европа чемпиони руминиялик Лоредана Тома, шунингдек, Европа чемпиони бўлган болгариялик Анхел Русев ва франциялик Мари Фег жаҳон чемпионати баҳсларида қатнашмасдан фақат вазн тоифасидан ўтишни танлади.
Айтиш лозим, агар ушбу спортчиларга рейтингнинг энг муҳим 10 талигига кириш учун катта натижалар керак бўлса, улар келажакдаги Олимпия саралаш мусобақаларида – декабрь ойида Қатарда ўтадиган IWF Гран-приси, февралда бўлиб ўтадиган кейинги йилги қитъа чемпионатлари ва IWF Жаҳон чемпионатида янада яхши жисмоний тайёргарликка эга бўлишларини кутишлари мумкин.
Саудия Арабистони илк бор мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионати Олимпия ўйинларига даъвогар бўлган барча спортчилар учун вазн ўтказиш ва антидопинг тестларини топшириш шарт бўлган иккита мажбурий мусобақадан бири саналади.
Қозоғистон терма жамоасининг 12 нафар спортчиси иштирокчилар рўйхатидан ўтган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири допинг туфайли Олимпиада ўйинларининг “А” вазн тоифасида иштирок эта олмайди.
Хитой терма жамоаси чемпионатга 18 нафар спортчини, жумладан бешта аёллар олимпия тоифаси етакчилари Жианг Ҳуихуа, Луо Шифанг, Лиао Гуифанг, Лианг Хиаомеи ва Ли Венвенни киритган.
Кетма-кет олтинчи марта жаҳон чемпиони бўлишни мақсад қилган грузиялик Лаша Талахадзе 17 сентабрь куни бўлиб ўтадиган сўнгги оғир вазн тоифасида элита гуруҳида ҳамюртимиз Рустам Жангабоев билан кураш олиб боришини назарда тутсак, катта танаффусдан кейин яна жаҳон спорт майдонида кўриниш берган ҳамюртимиз учун “Париж-2024” Олимпиадаси йўлида ушбу жаҳон чемпионати энг катта синов баҳси бўлиши шубҳасиз.
IWF хабарига кўра, бугунгача жаҳон чемпионатида иштирок этиш талабномаларини тақдим этганлар сони 894 нафарни ташкил этмоқда. Аммо бу рўйхат қисқариш ҳисобига ўзгариши эҳтимолдан йироқ эмас.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА