Аҳолидан тушаётган мурожаатлар ичида йўлларни таъмирлаш, атрофни маиший чиқиндилардан тозалаш, иш билан таъминлаш, раҳбарнинг шахсий қабули, моддий ёрдам, субсидия каби масалалар билан боғлиқлари ортган.
73 давлат органи ва бошқа ташкилотларнинг мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичлари соҳалар ҳамда ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда бу маълум бўлган.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ, Фанлар академияси, Тошкент, Наманган ва Самарқанд вилоятлари ҳокимликларида мурожаатлар муддатидан кечиктириб ҳал этилаётган. Фуқароларнинг мурожаатларда кўтарилган масалалар ечимидан қониқиш даражаси пасайган. Такрорий мурожаатлар кўпайган.
Бу Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида қайд этилди.
Қўмита аъзолари вазирлик ва идораларнинг аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишга доир фаолиятини доимий равишда ўрганиб, мониторинг қилиб бормоқда.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларга 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳолатини ўрганишда юқоридаги ҳолатлар аниқланган.
Мажлис давомида Тоғ – кон саноати ва геология вазирлиги, Дин ишлари қўмитаси, Тошкент ҳамда Наманган вилоятлари ҳокимликларининг соҳага масъул бўлган раҳбар ходимларининг ахборотлари эшитилди.
Қайд этилган камчиликлар бўйича қўмита аъзолари ҳамда эксперт-мутахассислар томонидан кун тартибидаги масала бўйича мутасаддилар ҳисоботлари эшитилди, таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбирда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга қатъий риоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни тўғри ташкил этиш зарурлиги айтилди.
Тизимли муаммолар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаб, зудлик билан бартараф этиш чораларини кўриш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш каби вазифалар белгилаб олинди.
Сенаторлар, экспертлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг доимий комиссиялари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган тадбирда якунида тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА