“Тоттенхэм” тарихида энг кўп гол урган Ҳарри Кейн Бундеслигада ҳам рекордларни янгилашни бошлади. “Бавария” сафига қўшилгандан сўнг, Кейн 21 асрда дастлабки иккита учрашувида учта гол урган биринчи футболчига айланди. Бундай рекордни 1967 йида Густав Юнг биринчи бўлиб уддалаган. Шунингдек, 1993 йилда Адольфо Валенсия ҳам илк иккита ўйинида учта гол урган.

Хабарингиз бор, Испания чемпионатининг учинчи турида “Барселона” сафарда “Вильярреал”ни 4:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Ушбу ўйинда икки рекорд ўрнатилди. Дастлаб каталонияликларнинг голларидан бирига 16 ёшу 45 кунлик Ламин Ямал ассистентлик қилди. Шу тариқа Ямал жамоа таркибида самарали ҳаракатни амалга оширган энг ёш  футболчи сифатида тарихда қолди. Бунга қадар “Барселона” сафида Ансу Фати 2019 йилда ушбу натижани қайд этган эди. Ўшанда Фати 16 ёшу 318 кунлик эди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ламин Ямал ўтган ҳафтада “Барселона”да дебют қилган энг ёш футболчи, бошланғич таркибда майдонга тушган энг ёш ўйинчи сифатида ҳам рекорд ўрнатган.

Голларга бой ўтган мазкур баҳснинг навбатдаги рекорди Френки де Йонгга тегишли бўлди. Йонгнинг иккинчи голи “Барселона”нинг “Вильярреал” дарвозасига киритган 100-голи сифатида қайд этилди ва “Барселона” Ла-Лига тарихида “Вильярреал” дарвозасини юз марта ишғол қилган биринчи жамоага айланди.

Рекорд ўрнатиш бўйича Англия Премьер-лигаси клублари ҳам бўш келаётгани йўқ. Жумладан, “Брайтон” ва “Вест Хэм” ўртасидаги учрашувда меҳмонлар “Брайтон” устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Бироқ, мезбонларнинг ягона голи тарих саҳифаларидан ўрин олди.

Ушбу гол муаллифи Паскаль Гросс “Брайтон” тарихида 27 маротаба рақиб дарвозасини ишғол этган ягона футболчига айланди. Бунга қадар Ниль Мопей ва Гленн Мюррей ушбу жамоа сафида 26 та гол урган эди. Қизиқарли жиҳати

шундаки, Гросснинг мазкур жамоа сафидаги голи янги рекорд сифатида қайд этилаверади.

Англия Премьер-лигасининг учинчи турида “Бёрнли” ўз майдонида “Астон Вилла”га 1:3 ҳисобида  имкониятни бой бериб қўйди.

“Бёрнли”нинг ягона голига Лайл Фостер муаллифлик қилди. Бу эса узоқ кутилган натижани такрорлади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Фостер сўнгги ўн йилда Англия Премьер-лигасида тўп кирита олган биринчи Жанубий африкалик ўйинчига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Жанубий Африка Республикаси футболчилари орасида Стивен Пиенаар 2013 йили Англия чемпионатида “Халл Сити”дарвозасини ишғол қилган.

Яна эътибор марказида Месси

Ёши тобора ўтиб бораётган Лионель Месси ҳамон энг яхшилар қаторидан жой олиб бормоқда. Фаолиятини МЛСда олиб бораётган Месси ушбу чемпионат тарихидаги энг қиммат ўйинчи сифатида қайд этилди.

Аргентиналик юлдузнинг трансфер нархи 35 миллион еврони ташкил этмоқда ва бу океанортидаги энг катта кўрсаткич ҳисобланади. Ушбу натижа орқали Месси профессионал фаолияти давомида АҚШ чемпионатида ўйнаган Тьерри Анри, Златан Ибрагимович ва Дэвид Бэкхем каби юлдузларни орта қолдирди.

Айни вақтда Лионель Месси АҚШнинг “Интер Майами” жамоасида тўп сурмоқда. 36 ёшли футболчи “Интер Майами” сафида жами тўққизта учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 11 маротаба ишғол қилди. МЛСдаги дебют учрашувида “Нью-Йорк Ред Буллс” жамоаси дарвозасига гол урган Лионель Месси клублар миқёсидаги голлари сонини 715 тага етказиб олди.

Бундан ташқари, Лионель Месси Аргентина терма жамоасининг энг зўр тўпурари ҳам. У терма жамоа сафида 175 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 103 марта аниқ нишонга олишга улгурган. Умид қиламизки, бу рақамлар кундан-кунга ортиб боради ва футбол қироли бундан кейин ҳам юксак марраларни забт этади.

Месси МЛС қоидаларини ҳам бузишда давом этмоқда. МЛСдаги дебют учрашувидан сўнг Лионель журналистлар билан мулоқот қилмагани учун жазога тортилиши мумкин. Бироқ унга қандай жазо берилиши ҳали аниқ айтилмади.

Аргентиналик футболчининг катта ўғли “Интер Майами” академиясида таҳсил оладиган бўлди. 10 ёшли Тьяго Месси МЛС клубларининг 12 ёшгача бўлган ўғил болалар жамоасида тўп тепади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,    

ЎзА мухбири