Ўзбекистон Республикасида сўнгги йиллар давомида олиб борилган ислоҳотлар тарихига назар соладиган бўлсак, маъмурий судларни ташкил этиш ҳақидаги ташаббусни Президент Ш.Мирзиёев ўзининг Президентлик вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган пайтидаёқ илгари сурган.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2016 йил 21 октябрь куни имзоланган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 6-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва Адлия вазирлигига илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида 2017 йил 1 июлга қадар фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этишни назарда тутувчи таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»нинг иккинчи йўналиши, яъни қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш мақсадида судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш вазифаси белгиланган бўлса, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш юзасидан эса одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик суди иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш вазифаси белгиланди.

Мазкур Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган муҳим тарихий аҳамиятга эга ҳужжатларнинг бир сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 21 февраль имзоланган «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини эътироф этишимиз лозим.

Ушбу Фармон билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, маъмурий суд иш юритувини амалга ошириш бўйича конституциявий нормани, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурати маъмурий судлар тизимини ташкил этишни тақозо этиши заруриятидан келиб чиқиб 2017 йил 1 июндан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини, туман (шаҳар) маъмурий судларини ташкил этиш белгиланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 6 апрель кунги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни билан Ўзбекистон Республикасида суд тизимини ташкил этувчи судлар қаторига маъмурий судлар киритилиши ва ушбу қонуннинг маъмурий судларни ташкил этиш тўғрисидаги қоидалари 2017 йил 1 июндан эътиборан амалга киритилиши белгилаб қўйилди.

Кейинчалик, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрель куни «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ва хўжалик процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни (Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 28 июлдаги ЎРҚ-703-сонли «Судлар тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.) қабул қилиниб, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасида

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди;

ҳарбий судлар;

Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари;

фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари;

жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари;

туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари;

туман (шаҳар) маъмурий судлари фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2018 йил 25 январь кунги қонуни билан амалга киритилган Кодекснинг 3-моддасида ушбу Кодекснинг фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибига нисбатан татбиқ этилиши назарда тутилган.

Юртбошимиз томонидан маъмурий судларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш юзасидан қатъий олиб борган саъи ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон Республикасида 2017 йил 1 июнь кунидан ҳар бир туман, шаҳарларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлар  иш бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев бутун жаҳонда пандемия даври бўлишига қарамасдан  ўзининг суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилиш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш борасидаги ишларини қатъий давом эттирган ҳолда 2020 йил 24 июль куни «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонини имзолади.

Бу Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш, [ОКОЗ:

1.17.00.00.00 Одил судлов / 17.02.00.00 Суд тизими / 17.02.06.00 Маъмурий судлар]

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш белгиланди.

Ҳозирги кунда ушбу Фармонга мувофиқ қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари фаолият кўрсатмоқда.

Уларнинг фаолиятидаги мазкур Фармон асосида юз берган ихтисослашув фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Ж.Аймаганбетова,

 Қорақалпоғистон Республикаси

 маъмурий суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги