АҚШ мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбий базаларидаги савдо шохобчаларида Хитой компаниялари “Huawei” ва ZTEда ишлаб чиқарган смартфонларни сотишни тақиқлади.
Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар беради.
Пентагон вакили Дейв Истберннинг изоҳлашича, “Huawei” ва ZTE қурилмалари ҳарбийлар, вазирлик маълумотлари ва фаолиятига хавф солади. Шу боисдан ҳарбий савдо шохобчаларида смартфонларни сотишни давом эттириш ақлсизликдан бошқа нарса эмас.
Маълум бўлишича, Пентагоннинг АҚШ ҳарбий базалардаги савдо шохобчаларда “Huawei” ва ZTE смартфонларини сотишни тақиқлаш ҳақидаги буйруғи ўтган ҳафтада чиққан. Тақиқлов мобил интернетга мўлжалланган модемлар ва уяли алоқанинг бошқа қурилмаларига ҳам тегишлидир. Аммо, нашрнинг ёзишича, вазирлик ходимлари ишда “Huawei” ва ZTEга тегишли уяли алоқа қурилмаларини ишлатишда давом этиши мумкин.
Аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси, Марказий разведка бошқармаси ва миллий хавфсизлик агентлиги америкаликларга “Huawei” ва ZTE маҳсулотларидан фойдаланмасликни тавсия қилгани ҳақида ОАВ хабар тарқатган эди. ФҚБ, МРБ ва МХА мазкур компаниялар смартфонлари Қўшма Штатлар аҳолиси хавфсизлигига таҳдид солади, деб ҳисоблар экан.
Киберхавфсизлик Вашингтон ва Пекин муносабатларида энг муаммоли ва ечим топмаётган масалалардан биридир. Боиси, АҚШ Хитойни хакерлар хужумида доим айблаб келса, ХХР ўз навбатида айбловни асоссиз, деб ҳисоблаб, уни рад этиб келади.