Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашида “Бренд – 2017” мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Мазкур мукофот ички бозорда муваффақиятли фаолият юритаётган корхоналарни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маркетинг ва реклама хизматлари бозори инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган.

Бугунги кунда “Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси мамлакат маркетинг индустриясини ривожлантиришга қизиқиш билдирган 63 компанияни бирлаштиради. Уюшма томонидан амалий тажрибага эга 41 нафар мутахассисдан иборат экспертлар кенгаши ташкил этилган.

2018 йилнинг март ойида «DE FACTO» маркетинг агентлиги билан ҳамкорликда “Миллий маркетинг маркази” корхоналар уюшмаси аъзолари ва мутахассислар онлайн овоз беришди. Овоз бериш жараёнида жами 104 нафар респондент иштирок этди. Ўтган йилнинг энг яхши бренди ва энг яхши маркетинг рекламасини аниқлаш учун овоз бериш 17 йўналишда ўтказилди ва 34 нафар ғолиб аниқланди.

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар энг фаол корхоналарни рағбатлантириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш орқали маркетинг соҳасини янада ривожлантиришга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Тадбирда жамоатчилик овози натижалари асосида энг яхши лойиҳалар ва компанияларни аниқлаш бўйича жаҳон амалиёти ҳақида гапирилди.

Маросимда «АDWEЕК» маркетинг ва реклама ҳафталигида ёшларни инновацион ва ижодий қўллаб-қувватлаган энг яхши олий таълим муассасаси сифатида Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети тақдирланди. Маркетинг соҳасида муваффақиятга эришаётган Ўзбекистон бозоридаги энг фаол компанияларга мукофотлар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА