Халқаро олимпия қўмитаси бокс бўйича «Париж-2024» Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақалар тақвимини эълон қилди.
Унга кўра, «Париж-2024» Олимпиадасига йўл берувчи еттита турнир 2023 йилнинг июнидан 2024 йилнинг майигача бўлиб ўтади.
Қитъавий саралаш босқич мусобақалари 2023 йилда бўлиб ўтиши белгиланган. Иккита жаҳон саралаши мусобақалари 2024 йилнинг март-май ойларида ташкил этилади. Олимпиаданинг бокс баҳслари учун жами 248 та квота ўрни эълон қилинган бўлиб, аёллар учун 124 та, эркаклар учун 124 ўрин ажратилган.
Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасига ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон боксчилари қуйидаги лицензион мусобақаларда 2024 йилги Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб бориши кутилмоқда.
Бу, жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари Хитойда ўтадиган «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинлари бўлиб, унда 34 та йўлланма учун жанглар ўтказилади. Қитъа ўйинларида 14 та эркаклар ва 20 та аёллар вазн тоифаларида йўлланмалар эгалари маълум бўлади.
2024 йилнинг 29 февраль – 12 март кунлари Италияда ўтадиган «Париж-2024» жаҳон лицензион турнирида боксчилар 28 та эркаклар ва 21 та аёллар вазнидаги йўлланмалар учун рингга кўтарилади.
2024 йилнинг 23 май – 3 июнь кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида бўладиган сўнгги лицензион турнирда 51 та йўлланма эгаси маълум бўлади. Айтиш лозим, Бангкокда тақдим этиладиган «Париж-2024» 51 та йўлланмасининг 28 таси эркакларга, 21 таси аёлларга тегишли бўлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА