Бошқирдистон Республикаси пойтахти Уфа шаҳрида белбоғли кураш бўйича 2006-2007 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумий ҳисобда 18 та медаллар шодасини қўлга киритди.

Муросасиз беллашувларда иштирок этган 34 нафар белбоғли курашчиларимиз 5 та олтин, 7 та кумуш ва 6 та бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу натижа терма жамоамиз аъзоларига 15 та давлат спортчилари орасида  умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринни банд этиш имконини берди.

Уфа гиламларида кечган баҳсларда терма жамоамиз аъзоларидан Ҳумоюнмирзо Билолиддинов, Шуҳратбек Қирғизбоев, Аббос Аҳмаджонов, Наимахон Субҳоналиева, Шодиёна Умрзоқова олтин, Асилбек Тожибоев, Достонбек Исматиллоев, Жасмина Мамуржонова, Гулсанам Абдукаримова, Арофат Муҳаммадова, Феруза Юсуфжонова, Нилуфар Исақова кумуш, Самандар Бурхонов, Озодбек Абдусатторов, Абдукарим Тошпўлатов, Феруза Собирова, Ойдина Эргашева, Хуршидахон Ослонбоева бронза медалларига мушарраф бўлди.

Мазкур жаҳон чемпионатининг яна бир ўзига хос жиҳати, мусобақалар давомида ҳамюртларимиз — Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси раҳбари Азизбек Ғаниев  Ўзбекистон ва Бошқирдистон ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, белбоғли курашни кенг ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Бошқирдистон Республикасининг “Халқлар дўстлиги” («Халытар дуслыгы») ордени билан, Осиё белбоғли кураш конфедерацияси раиси Мўмин Муратов ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров “Спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этган спорт делегациямиз кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси мутасаддилари иштирокида тантанали кутиб олинди.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА