Жавад Моттаги: “Минтақадаги етакчи медиа ташкилотларнинг Ўзбекистонга қизиқиши телевидение соҳасидаги ўзгаришларни Осиё-Тинч океани кўп миллионли аудиториясига етказиш учун замин яратади”.
Тошкентда Осиё-Тинч океани телерадиоузатувчилари уюшмаси (ABU) маъмурий кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Бу йил бир юз бешинчи бор ташкил этилган тадбирда минтақа давлатларининг етакчи телерадиокомпания ва медиа тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистонда журналистика, хусусан, тележурналистика халқаро мезонлар асосида жадал тараққий этмоқда. Тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилмоқда, малакали ва ёш кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Осиё-Тинч океани телерадиоузатувчилари уюшмаси маъмурий кенгаши йиғилишида бу жиҳатларга алоҳида тўхталиб, илғор мамлакатлар тажрибаси ҳақида маълумотлар берилди. Телевидение ва радиоэшиттириш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг жаҳон медиа майдонидаги ролини кучайтириш ва мамлакат сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Маъмурий кенгаш бош котиби Жавад Моттагининг фикрича, минтақадаги етакчи медиа ташкилотларнинг Ўзбекистонга қизиқиши телевидение соҳасидаги ўзгаришларни Осиё-Тинч океани кўп миллионли аудиториясига етказиш учун замин яратади.
Ташкилотнинг асосий мақсади – телевидение янгиликларини алмашиш, қўшма телевизион лойиҳаларни амалга ошириш орқали телерадиоэшиттириш ташкилотларининг ривожига ҳисса қўшиш ва халқаро форумлар, спорт, минтақавий мусобақалар ва тадбирларни ёритиш ҳуқуқини қўлга киритишда кўмаклашиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси 2004 йилдан буён мазкур ташкилотга аъзо. 2015 ва 2017 йилларда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан Тошкентда медиа-форумлар ташкил этилди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ташрифи режалаштирилган. Tуркия, Ҳиндистон, Хитой ва Қозоғистон телеканаллари Ўзбекистон ва унинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида махсус лойиҳалар тайёрлашни мақсад қилган.