“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Менинг оилам – менинг ҳуқуқим” мавзусида бепул ҳуқуқий маслаҳат акцияси ўтказилди.

Акцияни ўтказишдан асосий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳоли билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган фикр-мулоҳазаларни тайёрлашдан иборат.

Тадбирда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси раҳбар ҳамда масъул ходимлари, Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар иштирок этиб, фуқароларга маслаҳат берди.

Жумладан, фуқароларга мерос масаласида 68 та, мол-мулк олди-сотдиси юзасидан 24 та, ҳадя бўйича 4 та, шунингдек, никоҳ шартномаси, ҳужжат таржимасини нотариал тасдиқлаш ва миграция, ишончнома каби масалалар юзасидан маслаҳат берилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант лойиҳаси доирасида акцияда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган долзарб масалалар юзасидан мутахассислардан бепул маслаҳатлар олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА