Шу кунларда Германиянинг Дуйсбург шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.

«Париж-2024» Олимпия ўйинларига муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган жаҳон чемпионатининг илк кунида терма жамоамиз аъзоларидан каноэчимиз Артур Гулиев 200 метр масофа бўйича кечган баҳсда ўз гуруҳида биринчи бўлиб “А” финалига йўл олди.

Шунингдек, Гулбаҳор Файзиева ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги ушбу масофада кечган саралашдан муваффақиятли ўтиб, “А” финалида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

500 метр масофада ўтказилган баҳсларда юртдошларимиз тўғридан-тўғри “А” финалига йўл олишолмади. Файзиева/Зокирова дуэти, шунингдек, Екатерина Шубина, Юлия Борзова, Арина Танатмишева ҳамда Камила Малаховадан иборат байдаркачи қизларимиз ярим финал орқали медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди.

Ушбу дастурлардаги финал пойгалари эртага, 25 август куни бўлиб ўтади. Жаҳон чемпионати мусобақалари 27 августга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА