АҚШ Президенти Жо Байден Деҳлида бўлиб ўтадиган G20 саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Америка етакчисининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан маълум қилди.

– Президент Байден “катта йигирмалик” саммитида иштирок этиш учун 7-10 сентябрь кунлари Ҳиндистонда бўлиб, G20 таркибидаги ҳамкорларимиз билан тоза энергияга ўтиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш сингари глобал муаммоларни ҳал этиш масаласини муҳокама қилади, – деди Салливан. – Анжуманда Россия – Украина зиддиятининг иқтисодий ва ижтимоий таъсирини юмшатиш, кўп томонлама ривожланиш банклари, хусусан Жаҳон банкида қашшоқликка қарши курашиш ва бутун дунё мамлакатлари дуч келаётган жиддий трансмиллий муаммоларни ҳал қилиш учун имконият яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.

Қўшма Штатлар раҳбари Деҳлида қатор давлатлар етакчилари билан икки томонлама музокара ўтказишни ҳам режалаштирган.

Ҳиндистон 2022 йил 1 декабрдан G-20 га раислик қилмоқда. Деҳли саммитига Бангладеш, Миср, Испания, Маврикия, Нигерия, Нидерландия, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон ва Сингапур раҳбарлари ҳам таклиф қилинган. Мамлакат ТИВ расмий вакили Ариндам Багчи “Деҳли барча давлатлар раҳбарларининг саммитда иштирок этишига умид билдираётганини” айтган.

ЎзА