Хабарингиз бор, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” дори воситасини қабул қилган 65 нафар бола вафот этган эди.
Мазкур жиноят иши бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтаётган мазкур очиқ суд мажлиси бошланишидан олдин жабрланувчилардан айримлари билан суҳбалашишга муваффақ бўлдик.
– Фарзандим 2019 йилда туғилган эди, – дейди қорақалпоғистонлик Юлдузхон Холбоева. – Сал шамоллаб, томоғи оғригани учун “Док-1 Макс” сиропини поликлиника шифокори тавсияси асосида ўғлимга ичирган эдим. Аҳволи яхшиланиш ўрнига ёмонлашгани учун поликлиникага олиб чиқдим. Кейин шифохонага бордик. Қандай ёрдам кўрсатилмасин, фойдаси бўлмади. Боламнинг энг охирги кунлари экан… Битта дорини деб чопиб, ўйнаб юрган фарзандимдан айрилдим…
Яна бир жабрланувчи нукуслик Бўтакўз Жумағалиева.
Унинг ўғли 3,5 ёшда бўлган. Соғлом туғилган, бирор марта жиддий касал бўлмаган, шифохонада даволанмаган болакай “Док-1 Макс” сиропини ичиш оқибатида буйраклари ишдан чиққан ва вафот этган.
Фарзанд доғида куйиб, кўзларига ёш олган Бўтакўз бу масалада айбдор шахслар максимал жазо олишини истайди.
Шунинг учун ҳам у узоқ йўл босиб, суд жараёнини бевосита кузатиш учун Тошкентга келган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Мусо Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.
Мазкур жиноят бўйича 21 нафар судланувчининг иши судда кўриб чиқилмоқда.
Жиноят кодексининг ўндан ортиқ моддалари билан айбланаётган шахслардан бири – ҳиндистонлик бўлиб, у “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти директори бўлиб ишлаган.
Қолган судланувчилар фармацевтика соҳаси, дори воситаларини стандартлаш тизими масъул ходимлари ҳисобланади.
Бугун бўлиб ўтган тўртинчи суд мажлисида бошқа судланувчиларга нисбатан суд тергови давом эттирилди.
Суд жараёни давом этмоқда.
Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА